Брюсселда пенсия ислоҳотига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди
30 мингга яқин одам қатнашган намойишлар давомида ўт ўчирувчилар ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашув юз берди. Ҳуқуқ-тартибот органи вакиллари уларга қарши кўзни ёшлантирувчи газни қўллаган.
Брюсселда 30 мингга яқин одам касаба уюшмалари чақириғи билан пенсия ислоҳотига қарши намойишларга чиқди, деб хабар бермоқда RTBF телеканали.
Акция Белгияда ислоҳотларга қарши бўлган ва ягона фронтга бирлашган турли касаба уюшма ташкилотлари чақириғи билан ўтказилган. Намойишчилар орасида тарқатилган варақаларда таъкидланишича, ҳукуматнинг давлат бюджетини тўғрилаш мақсадида режалаштирилган 3 миллиард евролик иқтисоди учун ишчилар тўлаши керак бўлади.
Касаба уюшмалари иш ташлашларга чақирмоқда. 13 январ кунги иш ташлашлар транспорт ҳамда жамоат хизмати соҳасида — чиқиндиларни йиғиш, почта жўнатмаларини етказиш, боғча ва таълим мактаблари фаолиятида узилишларга олиб келди.
Норозилик намойишлари Завентем ва Шарлеруа халқаро аэропортлари, темирйўл қатновлари ишига ҳам таъсир кўрсатган.
RTBF’нинг қайд этишича, иш ташлашлар касаба уюшмаларининг ҳукуматга босим кўрсатиш бўйича норозилик тадбирларининг бир қисми ҳисобланади. 2024 йил июн ойидаги парламент сайловларида ғалаба қозонган партия ҳозирга қадар коалицион ҳукуматни шакллантириш бўйича музокаралар олиб бормоқда, мамлакатни эса сайловларда ютқазган Александр Де Кроонинг «техник кабинети» бошқаряпти.
Намойишлар давомида колонна таркибида ҳаракатланган ўт ўчирувчилар тартибни сақлашга масъул бўлган полициячилар билан зиддиятга борган. Жанжал оқибатида уларнинг тўрт нафари енгил жароҳат олган. Полиция кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланишга мажбур бўлган.
Мавзуга оид
20:37 / 11.01.2025
Мўғулистонда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошланди
18:42 / 20.12.2024
Amazonʼда компания тарихидаги энг йирик иш ташлаш бошланди
19:30 / 04.12.2024
Британиянинг The Guardian газетаси журналистлари 50 йил ичида биринчи марта иш ташлаш эълон қилди
20:30 / 02.12.2024