Мафкура бўйича сиёсий арбоб Раъно Абдуллаева вафот этди
Ўзбекистон ССР ҳукумати раисининг ўринбосари, коммунистик партиянинг мафкура бўйича котиби лавозимларида ишлаган Раъно Абдуллаева 89 ёшида вафот этди.
Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий комитетининг мафкура масалалари бўйича котиби бўлган Раъно Абдуллаева 12 январ куни, 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
Раъно Абдуллаева 1935 йил 16 сентябрда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. 1970−1987 йилларда Ўзбекистон ССРда энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган.
У 1963−1971 йилларда Ўзбекистон комсомолининг биринчи котиби, сўнгра Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари, 1987 йилгача Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг мафкура бўйича котиби лавозимларида ишлаган.
Раъно Абдуллаева “пахта иши” доирасида қарийб 2 йил қамоқ жазосини ўтаган, СССР Олий судининг қарори билан оқланган.
У 2020 йилда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га берган интервюсида “пахта иши”, мафкуранинг ўрни ҳамда ССР Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби Шароф Рашидов ҳақида сўз юритган.
Марҳума ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги (“Ўзатом”)ни бошқараётган Азим Аҳмадхўжаевнинг бувиси эди.