“Пандора қутиси очилди” — Дунё империализм даври остонасидами?
Трампнинг Гренландия, Канада ва Панама каналига даъволари шундоғам оёқости бўлиб кетган халқаро ҳуқуққа яна бир зарба бўлиши мумкин. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар ўзини халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси деб кўрсатиб келган АҚШ ва тажовузкор Россиянинг сўнгги ўн йилликлардаги ҳаракатларини таҳлил қилди.
Шуҳрат Расул: Трампнинг даъволари – шак-шубҳасиз империализм. Трамп ўзининг фикрлари билан дунёни 19-асрнинг бошларига, Наполеон урушлари даврига олиб келиб қўйяпти. Бу – масъулиятсизлик. Бу – шармандалик.
Қўшма Штатлар шу пайтгача тўғрими-нотўғрими, ҳар ҳолда ўзини халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида кўрсатар эди. 1945 йилдан то Трамп давригача Америкага ҳамма “халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси” деб қарарди. Зўравонлардан мазлумларни, кичкина давлатларни, кичкина миллатларни ҳимоя қилиб келар эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомига, тартибга чақириб турадиган бир давлат эди.
Энди унинг президенти бўлган жаноб Трамп айтяптики, ҳамма нарсага тупурдик, биз фалон жойларни ўзимизники қилиб оламиз, деяпти. Агар бу ишлар амалга ошадиган бўлса, дунё халқаро ҳуқуқсизлик даврига, Наполеон Бонапарт даврига, XIX асрга қайтган бўлади.
Ҳозир Америкада нафақат демократлар, балки Америкадаги ҳур фикрлилар ўртасида ҳам Трамп шаънига ҳар хил гаплар ёғиляпти. Жуда обрўли одамлар уни матбуотда энг камида аҳмоқ деяпти.
Камолиддин Раббимов: Бу сафарги сайловларда Трамп нафақат президент бўлди, балки конгресс ҳам, сенат ҳам республикачилар қўлига ўтди. Ундан ташқари, АҚШдаги энг қудратли давлат органи Олий судда ҳам консерватор судялар сони кўпроқ. Бунақаси Америка тарихида камдан кам содир бўлади.
Гренландия масаласида. У ерда бор-йўғи 50 минг одам яшайди. Агар Трамп режасини амалга оширмоқчи бўлса, орол Даниядан ўзини мустақил деб эълон қилиши, 50 минг киши референдум ўтказиб, “биз мустақилмиз”, деб айтиш керак. Сўнгра яна бир марта референдум ўтказиб, “биз Америкага қўшиламиз”, деб айтиши керак. Бунинг рўй бериши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.
Фарҳод Каримов: Гренландияни ҳозирги ҳолатда АҚШ ўзига қўшиб олиши жуда қийин. Чунки АҚШ ва Дания – НАТО шартномасининг энг бирламчи имзоловчиларидан саналади.
Бундай ҳолатда Дания таркибида бўлиб турган Гренландияни давлат қилиб қўшиб олиши НАТОнинг уставига тўғри келмайди ва бу ерда иккита тараф бир-бирини ҳимоя қилиши керак. Бир-бирининг ҳудудий дахлсизлигига таҳдид бўладиган, НАТО кучга кирадиган пайтда ким қайси тарафда бўлиб қолади деган масала бор. Шунинг учун ҳозирги ҳолатда Трампнинг баёноти – шунчаки риторика.
Бу амалиётни, минг афсуски, баъзи давлатлар қиляпти, мисол учун, Донецк ва Луҳанскда ҳам референдум асосида конституцияга ўзгартириш киритилиб, Россияга қўшилди. Бу – прецедент бўлиб бўлди.
АҚШ энди айтяптики, бугун халқаро муносабатларда либерализм эмас, реализм келиб бўлди. Ҳамма ўзининг ҳудудини кенгайтиряпти. Мисол учун, Туркия ҳам Сурия ҳисобига анча-мунча таъсир доирасини кенгайтирди. Россия ва Украина, мисол учун, олдин Қрим олинган эди, ундан олдин эса Грузиянинг Осетияси олиб қўйилганди ва ҳоказо.
Охирги 20 йил ичида халқаро муносабатлардаги либерализм, халқаро нормалари бузилди ва Трамп бунга реал қараяпти. Шунинг учун ҳам фақат Гренландия эмас, Канада, Панама канали масаласи кўтариляпти. Агар шу халқаро муносабатларда реализм масаласи енгиб чиқа олса, бу халқаро муносабатлар тартиботи қайта кўриб чиқилиши керак, дегани.
— Трампнинг Гренландияни АҚШга қўшиб олиш истаги ва Россия референдумлари орасида қандай фарқ бор?
Камолиддин Раббимов: Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Трампнинг даъволарига шама қилди, яъни “мана, биз Донецк ва Луҳанскда қилган ишимизни энди Америка Қўшма Штатлари қилмоқчи, лекин мейнстрим ОАВ бунга эътибор қаратишни истамаяпти”, деди. Россиянинг Қрим, Донецк ва Луҳанскдаги референдумларини ҳаттоки Москванинг иттифоқчилари ҳам қабул қилмаган. Сабаби – Россия аввал ҳудудни ажратиб оляпти, у ерда фуқаролик урушини бошлаяпти ва сайловда томонларга тенг эркин имконият берилмаяпти.
Бектош Бердиев: Гренландияга ўхшаш масала билан Қўшма Штатлар тарихда ҳам тўқнашган ва бундай тажриба бор, масалан, Луизиана штатини Франциядан сотиб олиши.
Америка Қўшма Штатлари учун Гренландиянинг ўзига хос аҳамияти бор, чунки бу ҳудуд катта табиий захираларга эга, шунга қарамай, ҳали геологик разведка ўтказилмаган. Бугунги кунда Гренландиядаги асосий уран, нефт ва табиий газ ҳамда фойдали қазилмалар Хитойга етказиб берилиши қайд этилган. Бу ҳолатда Хитой омилини ҳисобга олиш бекорга эмас. Хитой Гренландиядаги ўша табиий хомашёларни қазиб олишни бошлаши билан, Трампнинг иштаҳаси очилиб қолди.
Шунингдек, Доналд Трампнинг яна бир қарори Панама канали билан боғлиқ. У “канални биз уни очдик, таъмирладик, лекин ҳозир Хитой фойдаланяпти”, деб айтган. Аслида, каналдан ўтаётган юкларнинг 70 фоизи ҳали ҳам АҚШга тегишли, Хитойнинг юклари фақат 10-20 фоиз атрофида.