Жаҳон | 15:35 / 14.01.2025
1332
3 дақиқада ўқилади

Песков: Путин ва Трампнинг учрашуви жойи ҳақида гапиришга ҳали эрта

Путин ва Трамп ўртасидаги музокараларга ҳозирча жиддий тайёргарлик кўрилмаган, деди Россия президенти матбуот котиби. Унинг фикрича, АҚШнинг Украинага нисбатан риторикасини ўзгартириш ҳақида баёнот бериш ҳали эрта.

Фото: Михаил Климентьев / Reuters

Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти лавозимига киришганидан сўнг Доналд Трамп ўртасидаги эҳтимолий учрашув қаерда ўтиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Бу ҳақда 13 январ, душанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айтиб ўтди. Бу мавзу ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки ҳозирча музокараларга жиддий тайёргарлик кўрилаётгани йўқ, дея тушунтирди у.

«Кўплаб давлатлар ўз хизматларини тахминий алоқалар ўтказилиши мумкин бўлган жой сифатида таклиф қилмоқда, бироқ бу ҳақда гапиришга ҳали эрта, ҳозирча жиддий тайёргарлик йўқ», деди Песков журналистларга қатор давлатлар, жумладан Сербия ва Швейцариянинг Путин ва Трамп учрашуви учун жой тақдим этиш бўйича таклифларини изоҳлар экан. 

Кремл матбуот котибининг сўзларига кўра, ҳозирда «бундай алоқалар жуда зарур ва мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида тушуниш ва сиёсий ирода мавжуд». «Биз Вашингтондаги маъмурият ўзгаргандан кейин буни кўриб чиқамиз», — дея қўшимча қилди Дмитрий Песков.

Песков Трампнинг Украина ҳақидаги риторикасига изоҳ беришдан бош тортди

Россия президенти матбуот котиби, шунингдек, Оқ уйнинг Украина ҳақидаги риторикасида эҳтимолий ўзгаришлар ҳақида гапиришга ҳали эрта деб ҳисоблайди. У журналистларнинг АҚШ миллий хавфсизлик бўйича бўлажак маслаҳатчиси Майк Уолтцнинг Украина Россия назорати остидаги барча ҳудудларни қайтариб ололмаслигини моҳиятан тан олган баёнотига изоҳ бериш ҳақидаги илтимосига шундай жавоб қайтарди.

«Биз кўрдик, албатта, биз бу интервюларни жуда диққат билан кузатиб боряпмиз. Лекин барибир, бу риторика ўзгарганидан далолат ёки йўқлиги тўғрисида фақат бир ҳафтадан кейин ёки расмий тайинловлардан кейин гапириш мумкин бўлади. Чунки ҳозирча биз АҚШнинг сайланган президенти ҳақида гапирар эканмиз, гап унинг бўлажак жамоаси тўғрисида боряпти», — деди Песков.

Унинг эслатишича, ҳозиргача бундай баёнотлар ўз лавозимларига расман тайинланмаган одамлардан чиққан. «Кейинги етти кун давомида Байден ва унинг жамоаси жараённи «бошқариш»да давом этади», деди Песков.

Мавзуга оид