Жаҳон | 10:33
7202
8 дақиқада ўқилади

Урушни якунлаш учун нималар қилиш керак — Трампнинг бўлажак маслаҳатчиси шартларни айтди

У Киевнинг Россия армиясини Украинанинг барча ҳудудларидан ҳайдаб чиқариш режаси реал эмаслигини ва Трамп буни тан олишини айтган. Шунингдек, «яқин вақтлар ичида» Трамп ва Путин ўртасида телефон мулоқоти ўтказилиши, аллақачон уларнинг ўзаро учрашувига тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган.

Украинада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича қандайдир келишувга эришиш учун фронт чизиғидаги вазиятни барқарорлаштириш талаб этилади. Бу ҳақда америкалик конгрессмен, Доналд Трамп ўз маъмуриятида хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинлашни мўлжаллаётган Майк Уолтц айтиб ўтди.

АҚШнинг ҳозирги маъмурияти ҳам, кейингиси ҳам Украина сафарбарлик ёши учун чегарани пасайтириши лозим деб ҳисоблайди

ABC News телекомпанияси журналистигага берган интервюсида Уолтц бундай барқарорликка эришиш шартларидан бири Украина қуролли кучларига «юз минглаб янги аскарлар»ни жалб этиш учун Украинадаги чақирув ёш чегарасини пасайтириш бўлиши кераклигини айтган.

«Биз украинлардан сўрайдиган нарсалардан бири шу… Уларда жонли куч бўйича муаммолар бор. Улар 18 ёшлиларни эмас, 26 ёшлиларни чақиришмоқда. Мен буни кўпчилик тўғри тушунади деб ўйламайман, — деган Уолтц. — Фронтдаги қийинчиликлар ва муаммолар ҳақида эшитганимизда, шуни таъкидлаш жоизки, агар украинлар демократияни сақлаб қолиш учун дунёдагилардан барча ишни қилишни сўраётган бўлишса, унда улар ҳам демократияни сақлаб қолиш учун барча ишни қилишлари керак».

«Улар, албатта, мардонавор курашишди, албатта, олижаноблик ва матонат билан жанг қилишди, аммо кадрлар билан боғлиқ бу муаммоларни ҳал қилиш керак», — дея қўшимча қилган Уолтц.

Ғарб нашрларидаги кўплаб материалларда Россия қўшинларининг фронтдаги охирги муваффақиятларининг асосий сабабларидан бири улар жонли кучда сезиларли устунликка эгалиги билан боғлиқлиги кўрсатилган.

Журналистларнинг маълумотларига кўра, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден маъмурияти вакиллари аллақачон Украина ҳукуматини чақирув ёшини ҳозирги 25 ёшдан пасайтиришга чақирган.

Аммо Володимир Зеленский бунга жавобан бир неча марта асосий муаммо — фронтдаги одамлар етишмовчилиги эмас, Украина қуролли кучларида ғарб қуроллари етарли эмаслигида эканини айтган.

«Агар қаршингиздаги одам қуролсиз турса, унинг ёши 20 ёки 30 да эканининг нима фарқи бор? Ҳеч қандай фарқи йўқ», — деганди у декабр ойи ўрталарида ҳарбий хизматга чақирув ёшини пасайтириш ҳақидаги саволга жавобан.

Зеленский Украина қуролли кучларининг хорижда тайёрланиши лозим бўлган 14 бригадасининг фақат иккитаси зарур тайёргарликка эга бўлгани ва бу айнан қуроллар етишмовчилиги билан боғлиқлигини таъкидлаганди.

Урушни якунлаш учун нима қилиш керак?

ABC News телеканали бошловчиси Уолтцдан у айнан қачон тинчлик бўйича келишувга эришилишини кутаётганини сўраган.

Майк Уолтц Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлади — бу АҚШ маъмуриятида ташқи сиёсат соҳасидаги энг муҳим лавозимлардан бири

Трамп аввалроқ можаронинг қайноқ фазаси у лавозимга киришгунига қадар якунланишини ваъда қилган, шунингдек, урушни бир кун ичида тўхтата олишини айтганди. Кейинроқ эса келишувга эришиш учун ярим йил муддат кетиши ҳақида сўзлар янгради, бу ҳафта Трампнинг Россия ва Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог ҳам бу мақсадга 100 кун ичида эришишни исташини билдирди.

Уолтц журналистнинг сулҳ муддати ҳақидаги саволига жавоб бермади, лекин бу «исталган дақиқада, исталган кунда» рўй бериши мумкинлигини, чунки ўт очишни тўхтатиш ва фронтни барқарорлаштириш узоқ муддатли тинчлик битимини тузиш шарти эканини айтди.

«Гап фақат қуроллар, ўқ-дорилар ёки янги ёрдам учун чеклар юборишда эмас, — деган Уолтц. — Гап шундаки, қандайдир келишув тузиш учун фронт чизиғини барқарорлаштириш керак бўлади».

Украина фронтини барқарорлаштириш учун эса айнан чақирув ёшини пасайтириш керак, деган Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича бўлажак маслаҳатчиси.

Сўнгги ойларда россиялик ҳарбийлар Донецк областидаги фронтнинг бир неча участкаларида фаоллик билан ҳужум қилмоқда. Ғарб экспертлари ва украин ҳарбийлари руслар катта йўқотишларга учраётганини айтаётганига қарамай, Украина қуролли кучлари фронт чизиғини барқарорлаштира олмаяпти. Шу билан бирга, ҳозирча украин мудофааси қулаши белгилари йўқ ва РФ армиясининг олдинга силжиши секин кечмоқда.

Ноябр ойи охирида ҳарбий шарҳловчи Иля Абишев Россия қўшинининг 2024 йил кузида жадаллашганини айтганди. Аммо, ғарб нашрлари ва Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, РФ армияси тезлиги ҳозирги темпда сақланиб қолса, Донецк областини бутунлай эгаллаш бўйича Кремл томонидан қўйилган вазифани бажариши учун тахминан бир йил кетади.

Уолтц яна нималар деди: Путин билан музокаралар ва украин ҳудудларини қайтариш

ABC News журналистининг Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги бўлажак учрашуви вақти ҳақидаги саволга жавобан Уолтц аллақачон бунга тайёргарлик кетаётганини айтган.

Зеленский АҚШдаги президентлик сайловларидан кўп ўтмай Парижда Трамп билан учрашганди

Уолтц учрашув муддати ва формати бўйича аниқлик киритмаган, аммо Трамп ва Путин ўртасидаги телефон мулоқоти «яқин кунлар ёки ҳафталар ичида» бўлиб ўтиши мумкинлигини айтган.

«Тайёргарлик кўрилмоқда. (...) Президент Трамп нуқтайи назаридан қаралса, бошқа томон билан қандайдир алоқа ва мулоқотни сақламасдан туриб, келишувга эришиб бўлмайди. Ва биз буни албатта келгуси ойларда қиламиз», — деди Уолтц.

Жума куни Le Temps газетаси Швейцария агар тегишли сўров келиб тушса, Трамп ва Путиннинг эҳтимолий учрашувига мезбонлик қилишга тайёрлиги ҳақида хабар берганди. «Бюргенштокдаги саммитдан кейин Украина, Россия ва АҚШ мунтазам равишда тинчлик ўрнатиш бўйича ҳар қандай дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигимиз ҳақида маълумот олиб турибди», — деган нашрга мамлакат ТИВ расмий вакили Николя Бидо.

20 январ куни АҚШ президенти лавозимига расман киришадиган Доналд Трамп эса олдинроқ «бу урушга якун ясаш» учун Путин билан учрашишга тайёрлигини билдирганди. Ўз навбатида, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков жума куни журналистлар билан мулоқотда президентлар учрашуви бўйича ҳозирча аниқ режалар йўқлиги, лекин Москва Трампнинг мулоқот ўтказиш истагини мамнуният билан қабул қилишини айтганди.

Трампдан фарқли равишда, АҚШнинг ҳозирги маъмурияти Россия билан расмий музокаралар ўтказишдан бош тортиб келади ва буни бу каби ҳар қандай алоқалар Украина иштирокида бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Уолтц Трампнинг Путин билан учрашуви Зеленскийнинг розилиги билан бўлишига аниқлик киритмаган.

Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси яна бир бор урушни дипломатик йўллар билан тўхтатишга чақириб, Киевнинг барча ҳудудлари устидан назоратни тиклаш режалари реал эмаслигини таъкидлади.

«Барча буни қандайдир дипломатик йўллар билан ҳал қилиниши лозимлигини билади. Россия ҳарбийларини Украина тупроғининг ҳар бир қаричидан, ҳатто Қримдан ҳам ҳайдаб чиқарамиз, дейиш ҳақиқатга тўғри келмайди деб ўйлайман. Президент Трамп бу реалликни тан олади ва менимча бу реалликни бутун дунё тан олиши олдинга ташланган катта қадам бўлади», — деган Уолтц.

Мавзуга оид