«Агар сайланмаса, айбдор деб топиларди» - Трамп иши бўйича махсус прокурор ҳисоботи эълон қилинди
Доналд Трампга қарши иккита жиноий иш бўйича тергов олиб борган махсус прокурор Жек Смит ҳисоботи эълон қилинди. Унда сайланган президентга нисбатан топилган далиллар судда эҳтимолий ҳукм чиқариш учун етарли бўлиши таъкидланган.
Доналд Трамп 2024 йилги президентлик сайловида ғалаба қозонмаганида давлат тўнтаришига уринишда айбдор деб топилган бўларди. Бу ҳақда Трампга қарши 2020 йилги президентлик сайловидаги мағлубиятдан кейин ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш ва махфий ҳужжатларни ноқонуний ушлаб туриш ишлари юзасидан тергов олиб борган махсус прокурор Жек Смит ҳисоботида айтилади, деб ёзди The New York Times.
14 январ куни Адлия вазирлиги Смит жамоасининг тергов натижаларини акс эттирувчи ҳисоботни эълон қилди.
Ҳисоботнинг биринчи қисмида Трампнинг ҳаракатлари, жумладан, расмийларга босим ўтказиш, муқобил сайловчиларни топиш ва тарафдорларини сайлов натижаларига норозилик билдиришга ундаш ҳаракатлари тасвирланган.
«Агар Трамп президент сифатида сайланмаганида… топилган далиллар судда унга нисбатан ҳукм чиқариш учун етарли бўлар эди», дейилади ҳисоботда.
Смит ҳисоботининг Трампга нисбатан махфий ҳужжатларни ноқонуний сақланиши бўйича тергов тафсилотлари акс эттирилган иккинчи қисми махфийлаштирилган. Чунки унинг шерикларига нисбатан суд маҳкамалари давом этмоқда.
Смит ўз ҳисоботида Трампнинг «эркин ва адолатли сайлов» натижаларини бекор қилишга уринишлари ҳақида ёзган. Шунингдек, 2020 йил ноябр ойида бўлиб ўтган сайлов кунидан 2021 йил 6 январгача бўлган даврда Трамп «рақибларига қарши зўравонликни қўллаб-қувватлаганини» таъкидлаган. Айнан шу куни унинг тарафдорлари Капитолийга бостириб кирган эди.
Смит Капитолийга қилинган ҳужумда Трампни айблади. Ҳисоботда у, бошқа нарсалар қаторида, ҳужум иши бўйича бир неча айбланувчиларнинг Трамп номидан иш тутаётганини ўйлаганлиги ҳақида айтган сўзларини келтирди.
Махсус прокурор Жек Смит 11 январ куни истеъфога чиқди. Доналд Трамп 2024 йил ноябрида бўлиб ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонганидан сўнг, Смит Вашингтондаги федерал судяга Трампга қўйилган барча айбловларни олиб ташлаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилди. Чунки Адлия вазирлиги амалдаги президентни жиноий жавобгарликка торта олмайди.
Мавзуга оид
17:10 / 14.01.2025
Трампга Гренландияни сотиб олиш имконини берувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
16:08 / 14.01.2025
Фуқароларни АҚШга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди
16:06 / 14.01.2025
Калифорниядаги ўрмон ёнғинларини ўчиришга 900 дан ортиқ маҳбус жалб қилинди
15:35 / 14.01.2025