АҚШ Европани Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилишга кўндиришга уринмоқда
Жо Байден администрацияси Россиянинг музлатилган 300 млрд долларга яқин активларидан Москвага қарши босим ўтказишда фойдаланиш таклифини илгари суряпти. АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп жамоаси ҳам мазкур ғояни қўллаб-қувватлади.
АҚШ президенти Жо Байден администрацияси европалик иттифоқчиларни Россиянинг музлатилган 300 миллиард долларга яқин активларини мусодара қилишга ва улардан Москвага босим ўтказишда фойдаланишга кўндириш учун сўнгги саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда, деб хабар беради CNN.
Телеканал маълумотларига кўра, Байден президентлигининг сўнгги кунларида унинг ёрдамчилари иттифоқчиларга музлатилган Россия активларини махсус ҳисобрақамга ўтказишни таклиф қилган. Москва у ердан ўз маблағларини фақат Киев билан тинчлик ўрнатиш бўйича келишувга эришсагина қўлга кирита олади.
Байден администрацияси амалдорлари ушбу ғояни АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп жамоаси билан ҳам муҳокама қилган ва улар буни қўллаб-қувватлаган.
Ўз навбатида Европа давлатлари мазкур таклифга шубҳа билан қарамоқда, шу боис Трамп лавозимга киришгунга қадар бирор-бир битим имзоланиш эҳтимоли жуда кам. Сайланган президентнинг инаугурацияси 20 январ куни бўлиб ўтади. Европаликлар тўғридан-тўғри мусодара халқаро ҳуқуқлар бузилишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.
Бундан ташқари, Байден ушбу ғояни Украина президенти Володимир Зеленский ва Италия етакчилари билан 9 январ куни Римда бўлиб ўтадиган учрашувда муҳокама қилмоқчи бўлган. Аммо у Калифорниядаги ёнғинлар сабаб сафарини бекор қилганди. 10 январ куни Байден ва Зеленский телефон орқали мулоқот қилган, бироқ улар РФнинг музлатилган активларини мусодара қилишни муҳокама қилган ёки қилмагани номаълум.
2022 йилда Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан кейин ғарб давлатлари Россиянинг 300 миллиарддан зиёд суверен активларини музлатиб қўйди. Маблағларнинг катта қисми Европа депозитарийларида сақланади.
Украинанинг ғарбдаги иттифоқчилари уруш бошланганидан бери музлатилган Россия маблағларини мусодара қилиш ва уларни Киевга ёрдам учун йўналтириш имкониятини муҳокама қилмоқда. 2024 йилда «Катта еттилик» давлатлари билвосита мусодара қилиш механизми бўйича келишиб олди: Украина Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромад эвазига 50 миллиард доллар кредит олишни бошлади.
Мавзуга оид
08:16 / 14.01.2025
Байден якуний нутқида: Путин Украинада ўз мақсадларига эришмади
10:31 / 11.01.2025
Машъум автоҳалокат – АҚШ президенти Байден ҳаётида содир бўлган аянчли ҳодиса тарихи
10:11 / 11.01.2025
Байден 15 январда миллатга хайрлашув нутқи билан чиқиш қилади
19:42 / 09.01.2025