Жаҳон | 12:59
2624
9 дақиқада ўқилади

Ғазо бўйича музокаралар, ҲАМАСнинг янги етакчиси ва Эронда энергетик инқироз — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги ҳуманитар инқироз

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, Ғазо сектори шимолида сўнгги икки ой ичида озиқ-овқат ёрдами деярли етказилмаган, бу ҳудудни эксклавдаги очарчиликка энг кучли дучор бўлган минтақага айлантирган.

Ҳозирда рухсат этилган озиқ-овқат ҳажми очлик исканжасида қолганларнинг учдан бир қисминигина тўйғизишга етмоқда. Волонтёрлар емак улушларини босқичма-босқич камайтиришга мажбур бўлмоқда.

Бугунга келиб Исроилнинг тўхтамаётган ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида қурбонлар сони 46 минг 584 кишига етган бўлиб. Фақат сўнгги сутка ичида 19 киши Исроил ҳужумлари қурбони бўлди.

ҲАМАСга янги етакчи тайинланди

Исроил томонидан ўлдирилган Яҳё Синварнинг ўрнини унинг укаси, 50 ёшли Муҳаммад Синвар эгаллади. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Муҳаммад Синвар «Соя» лақаби билан танилган бўлиб, махфийликда ишлашни афзал кўради. У Яҳё Синварнинг яқин шериги ва ҲАМАСнинг собиқ ҳарбий раҳбари Муҳаммад Дейф билан яқин муносабатда бўлган. Айни пайтда, Муҳаммад Синвар ҲАМАСнинг Ғазодаги бўлинмасини қайта тиклаш ишларини бошқармоқда.

ҲАМАС расман Муҳаммад Синварни янги етакчи сифатида эълон қилганича йўқ. Унга қарши бир қатор жиддий даъволар мавжуд: Исроил махсус хизматлари уни 2006 йилдаги Гилад Шалитнинг ўғирланишига масъул деб ҳисоблайди, аммо буни ҲАМАС тасдиқламаган.

Ғазо бўйича музокаралар

Туркиянинг Миллий разведка ташкилоти (MİT) раҳбари Иброҳим Қалин ҲАМАС сиёсий бюроси вакиллари билан телефон мулоқотини ўтказди. Учрашувда ўт очишни тўхтатишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилгани маълум қилинди.

Айни вақтда Қатар пойтахти Доҳада ҳам Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда «муҳим илдамлаш» қайд этилгани ҳақида Reuters агентлиги хабар берди. Қатар расмийлари ҳар икки томонга ўт очишни тўхтатиш ва асирларни озод қилиш ҳақидаги якуний келишув лойиҳасини тақдим этди.

Музокараларга яқин манбага кўра, кейинги 24 соат келишувга эришишда ҳал қилувчи бўлади. Ушбу жараёнда «Моссад» ва «Шин Бет» раҳбарлари, Қатар бош вазири, Доналд Трамп маъмуриятининг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Жо Байденнинг махсус вакили Бретт Макгерк қатнашган.

Ҳар икки делегация лойиҳани қабул қилиб, ўз раҳбарларига тақдим этган.

Исроилнинг Ливанга ҳаводан ҳужуми

Исроил ҳаво кучлари Ливаннинг шарқий ҳудудларига ҳаво ҳужумлари амалга оширди. Бу билан улар 2024 йилнинг 27 ноябрида кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишувини яна бузишди.

Ҳужумлар Баалбек шарқига яқин жойлашган Жинта шаҳри атрофида амалга оширилди. Исроил армияси ҳужумдан мақсад «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливан ва Сурия чегарасидаги қурол-яроғ контрабандаси йўлларини йўқ қилиш эканини маълум қилди.

Тинчлик келишувига кўра, Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» ёки бошқа қуролли гуруҳларнинг Исроилга ҳужум қилишини тўхтатиши шарт. Шунингдек, Исроил фуқаролик, ҳарбий ёки давлат объектларига ҳужум қилмаслик мажбуриятини олган.

Келишув бўйича Ливан армияси 60 кун ичида Исроил қўшинларини жанубий ҳудудлардан чиқариб, ўрнини эгаллаши лозим. Аммо Исроилнинг ҳужумлари ушбу шартларни бажаришни хавф остида қолдирмоқда.

Суриядаги қочқинлар тақдири

Суриянинг янги ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шараъ Башар Асад режими ағдарилгандан сўнг икки йил ичида 14 миллионгача қочқин юртига қайтишини таъкидлади қайтиш жараёни аллақачон бошланганини таъкидлади.

«Хорижда фақат 1–1,5 миллион суриялик қолади», — деди Аш-Шараъ. У Асад режими даврида давлат институтларидан халқни зулм остида ушлаш, қийноқлар ва ўлдиришларда фойдаланилганини кескин танқид қилди.

Аҳмад аш-Шараъ Сурияда ижтимоий бирлик ва тотувликни таъминлаганини, шунингдек, амнистия сиёсатини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Амнистия қийноқлар, оммавий қатллар ва портлашларда айбланган шахсларга татбиқ этилмаслигини айтди.

«Инқилоб якунланди. Эндиликда давлатчилик йўлига ўтиш зарур. Бизнинг мақсад — интиқомсиз ғалаба ва мамлакатда узоқ муддатли тинчликни таъминлаш», — деди у.

Украинага ёрдам

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Украинага ажратиладиган ёрдам ҳажмини қисқартиришга қарши чиқди.

Унинг фикрича, ёрдамни камайтириш Украинанинг ҳимоя қобилиятини заифлаштириши мумкин. Бербок «Украинани қўллаб-қувватлаш Европада хавфсизлигимизни таъминлашнинг энг яхши йўли», дея таъкидлади.

Бербок Берлиннинг Украинага қурол етказиб бериш учун ажратган 7 млрд евролик ёрдамини сақлаб қолишни талаб қилмоқда.

Аввалроқ Германия канцлери Олаф Шолц Киевга ташқи ишлар вазири ва мудофаа вазири Борис Писториус томонидан илгари сурилаётган 3 млрд евролик қўшимча ёрдам ажратилишига қарши эканини хабар қилган эди.

Бербок шунингдек, у Россиянинг «соядаги флоти» Европадаги экологик ва иқтисодий хавфсизликка таҳдид солаётганини қайд этди.

Унга кўра, Россия Федерациясининг «соядаги флоти» санкциялар остида ва аслида денгизга умуман чиқмаслиги керак. Бербок Москва қасддан ломга юборилиши керак бўлган кемалар иштирокида авариялар содир бўлишига йўл қўяётганини қайд этган.

Cанкциялар нефт нархини оширди

13 январ куни нефть нархи АҚШнинг Россия энергетика секторига киритган янги санкциялари фонида охирги ойлардаги энг юқори кўрсаткичга етди.

Brent маркали нефт нархи 2 фоизга ошиб, баррелига 81,49 долларга етди, бу 2024 йил августидан буёнги энг юқори кўрсаткичдир. АҚШда ишлаб чиқариладиган нефт WTI маркали нефт нархи ҳам баррелига 78,39 долларга кўтарилиб, октябр рекордини ортда қолдирди.

10 январ куни АҚШ Россия энергетика секторига нисбатан янги санкцияларни жорий этганини эълон қилди. «Газпромнефт», «Сургутнефтегаз», нефть савдоси билан шуғулланувчи компаниялар ва Россиянинг «тенгсиз флоти»га тегишли кемалар санкциялар рўйхатига киритилди.

Буюк Британия ҳам ушбу чораларни қўллаб-қувватлади. АҚШ Миллий иқтисодий кенгаши директори Далип Сингҳ бу чораларни «ўта муҳим» деб атаб, улар Россия иқтисодиётига ҳар ой миллиардлаб доллар зарар келтириши мумкинлигини билдирди.

Эронда энергетик инқироз

Эрон ҳукумати бир нечта электр станцияларида ёқилғи танқислиги туфайли мактаблар ва жамоат биноларини ёпишга қарор қилди. Бу чоралар мамлакатнинг бир нечта вилояти, жумладан, Теҳрон, Қум, Мозандарон ва Ардабилни қамраб олди.

Мазкур қарор эскирган инфратузилма аномал совуқлар сабаб кескин ошган энергия сарфини кўтара олмаётгани туфайли қабул қилинди. Ҳатто нефт ва газ захиралари бой бўлган Эрон ҳам узоқ йиллик санкциялар туфайли электр таъминотини чеклашга мажбур бўлмоқда.

Эрон бу каби энергетик инқирозга илгари ҳам дуч келган. Ноябр ойида юз берган оммавий электр узилишлари туфайли мактаблар бир неча кунга ёпилган эди.

Калифорниядаги ўрмон ёнғинлари

Лос-Анжелесдаги ҳудудий ёнғинларда ҳалок бўлганлар сони 24 нафарга етди. Ҳужжатлаштириш жараёни давом этар экан, бу рақамлар яна ортиши мумкин.

Ёнғин туфайли 150 мингдан зиёд киши эвакуация қилинди, яна 87 минг одам эвакуация ҳудудида. 12 мингдан ортиқ уй ва бинолар тўлиқ вайрон бўлди.

Шиддатли шамол ёнғинларни тарқатишда давом этмоқда. Жанубий Калифорнияда қўшимча ёрдам гуруҳлари ва техникалар жалб этилган.

Машҳур шахслар ҳам бу офатдан жабр кўришди. Пэрис Ҳилтон, Белла Ҳадид, Энтони Ҳопкинс, Адам Броуди, Жон Гудмен, Билли Кристал, Жефф Брижес ва Мел Гибсон каби юлдузлар ўз уйларини тарк этди. Бен Аффлек ва Ҳаррисон Форд ҳам эвакуация қилинганлар қаторидан жой олди. АҚШ вице-президенти Камала Ҳарриснинг қасри ҳам ёнғин хавф солаётган ҳудудда жойлашган.

Ҳужум оқибатлари катта иқтисодий зарар келтирган. Умумий зиён 52–57 млрд долларга баҳоланмоқда.

Мавзуга оид