Генерал Кирилловга суиқасд иши бўйича янги айбланувчилар пайдо бўлди
Улар теракт ижрочисини Москва вилоятида уй-жой билан таъминлагани таъкидланмоқда.
Россия қуролли кучларининг радиациявий, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи, генерал-лейтенант Игор Кириллов ва унинг ёрдамчисига суиқасд бўйича очилган жиноий ишда икки янги айбланувчи пайдо бўлди. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди.
Қайд қилинишича, Украина махсус хизматлари (СБУ) буйруғи билан ҳарбий қўмондонни портлатган Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбоновнинг шериклари Шимолий Кавказдаги тақиқланган ташкилот аъзолари бўлиши мумкин. Улар ижрочини Москва вилоятида уй-жой билан таъминлаган. Квартирани эса ўз ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда ижарага олишган.
Пойтахтда кичик бизнес билан шуғулланган ингушетиялик икки шахс Сибирда қўлга олинди. Улар ҳозирча террорчиликда айбланмаган; иккаласи ҳам полиция ходимларига бўйсунмагани ва майда безорилик учун ўн беш суткага маъмурий қамоққа олинган. Бир неча кундан кейин қамоқ муддати тугайди ва айбдор деб тахмин қилинаётган шахслар Москвага жўнатилади. У ерда уларни Россия Тергов қўмитаси қотиллик, портловчи қурилма ишлаб чиқариш ва террорчилик ҳаракати бўйича очилган жиноий иш бўйича тергов қилади.
Шов-шувли жиноят 17 декабр куни содир этилган эди. Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбонов СБУ кўрсатмаси бўйича ҳаракат қилиб, генерал Кириллов яшаётган уйнинг кириш қисмида бомба ўрнатилган электр скутерни қолдириб кетган. Ҳарбий қўмондон ва унга ҳамроҳ бўлган ёрдамчиси майор Иля Поликарпов скутер ёнидан ўтганида, ижарага олинган машина ичидан уларни кузатиб турган Қурбонов тугмани босиб, портловчи мосламани ишга туширган. Ҳар икки офицер ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Қурбонов машинани ташлаб, ғойиб бўлган.
Бир кун ўтмай у Москва вилоятининг Электроугли шаҳридаги ижарага олинган хонадонда ушланди. Айбланувчининг айтишича, у СБУ томонидан ёлланган ва 100 минг доллар ва Европа Иттифоқи давлатларидан бирида яшаш учун рухсатнома олишни кутган ҳолда генерални портлатиб юборган.
Мавзуга оид
01:35
Россия суди Googleʼни 8 млрд рубл жаримага тортди
21:41 / 14.01.2025
AZAL самолёти қора қутилари ҳалокат ҳақида тарқалган баъзи маълумотларни тасдиқламайди — Сергей Лавров
21:20 / 14.01.2025
Ўзбекистонлик эркак Красноярск аэропортида бошқа одамга пичоқ билан ҳамла қилди
17:34 / 14.01.2025