Истанбулда бир кунда 5 ўзбекистонлик қалбаки алкоголдан заҳарланиб, вафот этди
Ҳолат Истанбул шаҳрининг Аксарай туманида сотиб олинган спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида юзага келган. Марҳумлар 35-40 ёшли эркаклар бўлган.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида 5 ўзбекистонлик қалбаки алкоголдан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 14 январ куни Истанбул шаҳридаги Бош консулхонага қўлбола спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида заҳарланиб вафот этган 5 нафар Ўзбекистон фуқаросининг яқин қариндошлари мурожаат қилган. Ушбу нохуш ҳолатлар Истанбул шаҳрининг Аксарай туманида сотиб олинган спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида юзага келган.
“Вафот этган фуқаролар асосан 35–40 ёшдаги эркаклар бўлиб, уларнинг барчаси вояга етмаган фарзандларни етим қолдирди. Шу муносабат билан, Истанбул шаҳридаги Бош консулхона барча фуқароларни спиртли ичимликлардан тийилишга ва эҳтиёткорликка чақиради”, дейилади хабарда.
Бош консулхона саломатликка таҳдид солувчи ҳар қандай вазиятда зудлик билан яқин шифохонага мурожаат қилишни ҳамда консулхона билан боғланишни тавсия этган. Фавқулодда ҳолатлар юзасидан +905535411717 телефон рақамига мурожаат қилиш мумкинлигини билдирган.
Олдинроқ Самарқанд шаҳрининг Кимёгарлар қўрғонида 17 киши вафот этгани, улар қўлбола спирт истеъмолидан заҳарланган бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди. Бош прокуратура 13 январ куни мазкур заҳарланиш ҳолати бўйича расмий баёнот бериб, дастлабки маълумотларга кўра 5 киши вафот этгани ҳақида хабар берганди.
Мавзуга оид
01:00
Туркияда қалбаки алкоголдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 6 кишига етди. Ҳолатга алоқадор Туркманистон фуқаролари қўлга олинди
18:20 / 14.01.2025
Самарқандда 10 дан зиёд киши қўлбола спиртдан заҳарланиб вафот этгани айтилмоқда
17:18 / 13.01.2025
Самарқанд шаҳрида бир кунда 5 эркак вафот этди. Улар ароқдан заҳарлангани тахмин қилинмоқда
11:45 / 29.12.2024