Жаҳон | 21:43 / 14.01.2025
1936
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Eagle S нефт танкери экипажи яна бир сувости кабели ва газ қувурини узишни режалаштирган

Россиянинг «соядаги флоти» таркибига кириши айтилган Eagle S нефт танкери декабр охирларида лангарини туширган ҳолда ҳаракатланиб, Эстония ва Финландия ўртасидаги Estlink 2 электр кабели ишдан чиқарганди.

Фото: AFP/Getty Images

Болтиқ денгизида сувости телекоммуникация кабелига шикаст етказишда гумонланиб тўхтатилган Eagle S нефт танкери экипажи Финландия расмийлари кема бортига кўтарилган вақтда яна бир кабел ва газ қувурини узмоқчи бўлган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Миллий тергов бюросининг терговга раҳбарлик қилаётган вакили Ристо Лохининг маълум қилишича, кема экипажи Estlink 1ʼнинг иккинчи кабели ҳамда Финландия ва Эстония ўртасидаги BalticConnector газ қувурини узишга тайёрланаётган бўлган.

Финландия расмийлари танкер тўхтатилганидан кейин саккиз нафар экипаж аъзосининг мамлакатни тарк этишига тақиқ қўйган. Таъкидланишича, кема капитани Гуржистон фуқаролигига эга, қолганлар эса Гуржистон ва Ҳиндистон фуқароларидир. Лохининг айтишича, саккиз нафар гумонланувчи сафига яна бир киши қўшилган. Унинг ҳам мамлакатдан чиқиши тақиқланган.

Танкер бортида жами 24 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ристо Лохининг айтишича, тергов ва сўроқлар давом этмоқда, кеманинг ўзи мусодара қилинган.

Eagle S нефт танкер 2024 йил 26 декабр куни — Болтиқ денгизидан ўтган Эстония ва Финландия ўртасидаги Estlink 2 электр кабели ишдан чиққанидан эртаси куни ушланган. Фин чегарачилари кемани Порккала соҳилига қадар кузатиб борган. У лангарни денгиз тубига ташлаб, қасддан кабелга шикаст етказганликда гумонланмоқда. Financial Times маълумотларига кўра, Кука ороллари байроғи остида ҳаракатланган танкер Россия нефтини Мисрга олиб кетаётган бўлган. Нашр кемани Россиянинг «соядаги флоти»га тегишли деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид