Жамият | 22:51 / 14.01.2025
1911
2 дақиқада ўқилади

Умра хизматларини лицензиясиз реклама қилган 15 та туроператор жаримага тортилди

Шунингдек, Рақобат қўмитаси лицензияга эга бўлмасдан реклама материаллари тарқатаётган ахборот ресурсларини юритувчи шахсларга аниқлик киритиш мақсадида ИИВ Киберхавфсизлик марказига мурожаат қилди.

Фото: Kun.uz

Умра тадбирларини ташкил этишга оид реклама қонунчилигини бузган туроператорларга нисбатан чора кўрилди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси.

Қайд этилишича, қўмита томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилган материаллар «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилган.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан жами 10 та туроператор лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда рекламалар жойлаштиргани юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилган ва уларга жарималар қўлланган.

Шунингдек, қўмитанинг Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан жами бешта МЧЖ ҳам юқоридаги каби қонунчилик талаблари бузган, уларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шу билан бирга, 10 дан ортиқ лицензияга эга бўлмасдан реклама материаллари тарқатаётган ахборот ресурсларини юритувчи шахсларга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказига мурожаат қилинган.

Аввалроқ Наманганда она-болани Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 10 минг доллар олган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди. Ушбу шахс фуқароларга туризм йўналишида фаолият юритувчи МЧЖ орқали 2025 йилги Ҳаж мавсумида Саудия Арабистонига фарз амалларини бажаришга юборишни ваъда қилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид