АҚШ Конгресси трансгендерларнинг аёллар спортида иштирок этишига қарши овоз берди
Қонун лойиҳаси спорт жамоаларида трансгендерлар бўлган мактабларни молиялаштиришдан маҳрум қилади.
АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси трансгендерларнинг мактабдаги қизлар спорт жамоалари таркибида иштирок этишини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат 218 овоз билан маъқулланди, 206 нафар конгрессмен унга қарши бўлди.
Қонун лойиҳаси спорт жамоаларида трансгендерлар бўлган мактабларни молиялаштиришдан маҳрум қилади.
Демократлар лойиҳани танқид қилиб, буни ўқувчиларнинг шахсий ҳаётига тажовуз деб атади.
Келишмовчилик қонуннинг қандай амалга оширилиши бўйича юзага келди.
Республикачилар ўқувчилар жинсини туғилганлик гувоҳномаси орқали текширишни таклиф қилишди. Демократлар эса бу «кичкина қизларнинг жинсий аъзоларини текширишга» олиб келишини таъкидлади, чунки баъзи туғилганлик гувоҳномаларида жинс «интерсекс» деб кўрсатилган.
Конгрессмен Грег Стуби овоз бериш натижаларини шарҳлар экан, бу ташаббус аёл спортчилар учун «шартларни тенглаштиришга» қаратилганини айтди. Унинг таъкидлашича, кўпчилик одамлар эркакларнинг аёллар спортида иштирок этишини «йўл қўйиб бўлмас ҳодиса» деб ҳисоблайди.
2024 йил декабр ойи ўрталарида АҚШ сайланган президенти Доналд Трамп ўз бошқаруви даврида ҳукумат фақат икки жинс: эркак ва аёлни тан олиш бўйича расмий сиёсатга амал этишини эълон қилган эди.