Жаҳон | 10:32
854
3 дақиқада ўқилади

Хитой TikTok’нинг АҚШдаги бўлимини Илон Маскка сотиши мумкин — Bloomberg

Фото: Brendon Thorne/Bloomberg

Хитой ҳукумати TikTok ижтимоий тармоғининг АҚШдаги бўлимини бошқаришни тадбиркор Илон Маскка топшириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Bloomberg хабар берди. Ушбу чора АҚШда TikTok’нинг блокланишига йўл қўймаслик мақсадида кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирда АҚШ Олий суди TikTok Хитойнинг ByteDance компанияси мулкидан ажратилмаса, мамлакатда ижтимоий тармоқдан фойдаланишни тақиқлаш имконини берувчи қонунни кўриб чиқмоқда. Жараён ҳали якунланмаган бўлса-да, 10 январдаги муҳокамаларда судьялар қонунни қўллаб-қувватлашга мойиллигини билдирди.

Bloomberg маълумотларига кўра, Хитойнинг юқори лавозимдаги амалдорлари бундай вазият учун ҳаракат режасини муҳокама қилишга киришган. Бу мунозаралар янги президент Доналд Трамп маъмурияти билан қандай муносабат ўрнатиш бўйича кенг қамровли муҳокамалар доирасида олиб борилмоқда.

Нашр манбалари хабар беришича, Хитой ҳукумати TikTok’нинг ByteDance мулки бўлиб қолишини “қатъий афзал кўради”. Муҳокама қилинаётган сценарийлардан бирига кўра, Маск эгалигидаги Х ижтимоий тармоғи TikTok’ни ўз назоратига олиши ва қўшма бизнесни бошқариши мумкин. Бундай вазиятда TikTok Х’нинг реклама берувчиларни жалб қилиш бўйича уринишларини қўллаб-қувватлаши, Маск асос солган xAI сунъий интеллект компанияси эса TikTok ’аги маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Хитой амалдорлари Трамп маъмурияти билан тарифлар, экспорт назорати ва бошқа масалалар юзасидан мураккаб музокаралар олиб боришга мажбур бўлади, дейди манбалар. Шу билан бирга, улар TikTok’нинг келажаги ҳақидаги музокараларни муносабатларни яхшилаш учун потенциал имконият сифатида кўрмоқда.

Bloomberg маълумотларига кўра, музокаралар ҳали дастлабки босқичда. ByteDance компанияси ва Маск бундан хабардор ёки йўқлиги номаълум. Тадбиркор изоҳ беришдан бош тортди.

TikTok вакили Маскнинг ижтимоий тармоқни сотиб олиши эҳтимолини қатъиян рад этди. “Биздан қип-қизил уйдирма ҳақида изоҳ кутилмасин”, — деди у Variety нашрига.

TikTok’ни тақиқлаш билан таҳдид қилувчи қонун 2024 йил баҳорида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган. Конгрессменлар ижтимоий тармоқни миллий хавфсизликка таҳдид деб ҳисоблайди. Апрел ойида Жо Байден қонунни имзолади.

TikTok вакиллари, фойдаланувчилар ва контент яратувчилари билан биргаликда қонунга норозилик билдирди. Уларнинг айтишича, миллий хавфсизликка оид ташвишлар ноаниқ ва тахминий маълумотларга асосланган бўлиб, бу тақиқ АҚШ Конституциясининг сўз эркинлигини кафолатлаган моддасини бузади. Бироқ апелляция суди қонунни қўллаб-қувватлади. Олий суд томонидан маъқуллангандан сўнг, қонун 19 январ куни — АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампнинг инаугурация маросимидан бир кун олдин кучга кириши лозим.

Мавзуга оид