Жаҳон | 17:29
2070
2 дақиқада ўқилади

Батумида Гуржистон собиқ бош вазири Георгий Гахария калтакланди

Воқеа Sheraton меҳмонхонасида содир бўлган. Ҳужумга учраган Гуржистон собиқ бош вазири ва «Гуржистон учун» мухолиф партияси асосчиси Гахария шифохонага олиб борилган.

Фото: Sputnik

Батумида бир неча киши Гуржистон собиқ бош вазири ва «Гуржистон учун» мухолиф партияси асосчиси Георгий Гахарияга ҳужум қилди. Бу ҳақда «Рустави 2» телеканали партия аъзоларига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур воқеа Sheraton меҳмонхонасида содир бўлган. Ҳужумга учраган Гахария шифохонага олиб борилган.

Кейинроқ Батуми клиникаси шифокори журналистларга Гахарияга мия чайқалиши ва бурун суяги синиши ташхиси қўйилганини маълум қилган. Унинг қўшимча қилишича, сиёсатчи ўз хоҳишига кўра шифохонани тарк этган.

Гахариянинг калтакланишига «Горние новости» нашри муҳаррири Гела Мтивлишвили гувоҳ бўлган. Унинг айтишича, собиқ бош вазирга Гуржистон парламенти ва Аджария Олий кенгаши депутатлари ҳужум қилган.

Гуржистон ИИВ ҳолат юзасидан тергов ҳаракатларини бошлаган.

Георгий Гахария 2019 йилдан бери Гуржистон бош вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. Бу лавозимга уни ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси илгари сурган. 2021 йилда у истеъфо берган. Бунга Гахария «Ягона миллий ҳаракат» етакчиси, Михаил Саакашвилининг иттифоқчиси Ника Мелиянинг ҳибсга олиниш масаласида «жамоа билан келишмовчиликка боргани» сабаб қилиб кўрсатилган. Ўша йилнинг майида Гахария ўзининг «Гуржистон учун» партиясини ташкил этган. Октябр ойида бўлиб ўтган сайловларда у парламентга ўтиш учун етарлича овоз тўплаганди, аммо бошқа мухолиф партиялар каби «Гуржистон орзуси» партиясининг ғалабасидан норози бўлиб, мандатлардан воз кечди.

Мавзуга оид