“Инфокиоскларнинг қайтим бермаслик масаласини ечиш имконсиз” — “Тошшаҳартрансхизмат” раиси ўринбосари
Ҳозирда автобус бекатлари атрофига ўрнатилган Paynet, Multipay ҳамда Oson инфокиосклари йўловчига нақд пулда қайтим бермайди. Бир марталик QR-чипта харид қилиш учун 3 000 сўмдан ортиқ киритилган маблағ фойдаланувчининг телефон рақами ҳисобига ташланади. Қайтимни электрон ҳамён ёки карталарга ўтказиб олиш имконияти ҳам жорий қилинмаган.
16 январ куни “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти томонидан “Тошкент шаҳар автобус йўналишлари фаолиятидаги ўзгаришлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда инфокиосклардан бир марталик чипталарни харид қилиш билан боғлиқ масалаларга тўхталинди.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси ўринбосари Рустам Шомуродовнинг таъкидлашича, инфокиосклар қайтим бермаслик масаласини ҳал қилишнинг иложи йўқ:
“Бу технологик жараён, айни вақтда масалага ечим топиш имконсиз. Нақд пулда қайтимни берадиган инфокиосклар уларни ўрнатаётган тадбиркорларда мавжуд эмас. Иккинчи томондан, бундай қурилмалар жуда қиммат, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаслиги мумкин”, - дейди у.
Масъулнинг қўшимча қилишича, Paynet компанияси томонидан пойтахт бўйлаб қўшимча 2700 та офлайн шохобча ташкил этилган. Мазкур шохобчалар фаолияти QR-чипта харид қилишни билмаган йўловчиларга ёрдам бериш мақсадида йўлга қўйилган. У ердан чипта сотиб олинганда йўловчиларга қайтим нақд пул шаклида қайтарилиши мумкин.
Қайтимни электрон ҳамён ёки пластик карталарга ўтказиб бериш борасидаги саволлар эса очиқ қолдирилди.
Мавзуга оид
15:22
“Автобусга чипта хариди учун янги инфокиосклар тадбиркорлар томонидан ўрнатилади” – Тошшаҳартрансхизмат
13:01
Бешёғоч бозорининг ўрнида 9 қаватдан баланд бино қуриш Тошкент бош режасига зид — Қурилиш вазирлиги
16:14 / 14.01.2025
«Тошкентга яна 1000 та автобус олиб келинади» — транспорт вазири
23:44 / 13.01.2025