Жамият | 19:44
1383
2 дақиқада ўқилади

Миллий тиббиёт марказида ноёб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди

Бемор Қозоғистон фуқароси бўлиб, бу амалиёт Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётганлиги билан аҳамиятли ҳисобланади.

Фото: Миллий тиббиёт маркази

Миллий тиббиёт марказида ноёб реконструктив жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Марказнинг малакали ортопед жарроҳлари томонидан қилинган амалиёт давомида чап кичик болдир суяги (фибула) қон томирлари билан бирга чап тирсак суягидаги дефектни тўлдириш учун кўчириб ўтказилди.

Миллий тиббиёт маркази матбуот хизмати қайд этишича, бу амалиёт Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётганлиги билан аҳамиятли ҳисобланади.

Бемор Қозоғистон фуқароси бўлиб, унга мутахассислар томонидан қуйидаги жарроҳлик ишлари бажарилди:

  • Фибула суягини кўчириш: Кичик болдир суяги қон томирлари билан бирга эҳтиёткорлик билан олиниб, ҳаётчанлиги сақлаб қолинди.
  • Тирсак суягига бириктириш: Фибула суяги тирсак суяги дефекти ҳудудига ўрнатилиб, пластиналар ва винтлар ёрдамида остеосинтез қилинди.
  • Қон айланишини тиклаш: Микрохирургик техника ёрдамида тирсак артериясига анастомоз ўрнатилди ва қон айланиши тикланди.
  • Пай ва мушакларни тиклаш: Беморнинг тирсакнинг нормал функциясини тиклаш учун букувчи пайлар тенонизацияси бажарилди.

«Бу турдаги ноёб амалиёт тиббий технологияларнинг юқори даражаси ва Миллий тиббиёт марказидаги жарроҳларнинг тажрибаси натижасида муваффақиятли якунланди. Операциядан сўнг беморнинг соғлиги барқарор, реабилитация жараёни бошланган. Ушбу муваффақият Ўзбекистонда юқори технологик жарроҳлик ривожланаётганидан далолатдир.

Миллий тиббиёт маркази тиббиёт соҳасида юксак даражадаги хизмат кўрсатишда етакчи марказлардан бири сифатида яна бир бор ўз ўрнини исботлади», дейилади марказ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид