Иқтисодиёт | 19:46
902
2 дақиқада ўқилади

 Нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 19,2 фоизгача камайди – Марказий банк

2025 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 19,2 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 фоизга камайган. Муомалага чиқарилган банкнотларнинг умумий сони эса 152 млн донага етган.

Фото: Kun.uz

Марказий банк томонидан 2024 йилда муомалага қўшимча 10,3 трлн сўм нақд пуллар чиқарилган. Бу ҳақда регуляторнинг "Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳи"да келтирилган.

2025 йил 1 январ ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 19,2 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 фоиз бандга камайган.

2024 йил давомида Марказий банк томонидан қўшимча нақд пулларнинг (янги намунадаги) муомалага чиқарилиши натижасида банкнотлар умумий сони 152 млн донага кўпайди. Ўз навбатида, муомаладаги нақд пуллар таркибида уларнинг миқдори бўйича 200 000 сўмлик банкнотлар улуши 2024 йилда – 18,6 фоиздан 23,4 фоизга, 20 000 сўмликнинг улуши – 4,4 фоиздан 6,7 фоизга етган бўлса, 100 000 сўмлик банкнотлар улуши – 42,5 фоиздан 40,9 фоизга, 50 000 сўмликнинг улуши – 20,5 фоиздан 16,6 фоизга камайди.

Нақд пул муомаласини ташкил этишда аҳолига қулайлик яратишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида муомаладаги эски намунадаги банкнотларни босқичма-босқич қайтариб олиш ва уларни янгилари билан алмаштириш чоралари кўрилган. Натижада, 5 000 сўмлик банкнотлар таркибида эски намунадаги банкнотлар миқдори 2023 йилдаги 67 фоиздан 2024 йилда 25 фоизга, 10 000 сўмлик банкнотларда – 64 фоиздан 24 фоизга, 50 000 сўмлик банкнотларда – 61 фоиздан 25 фоизга ва 100 000 сўмлик банкнотларда – 39 фоиздан 18 фоизга қисқарган.

Шу билан бирга, чакана савдо ва аҳолига пулли хизматлар соҳасидаги ҳисоб-китобларда қайтим пуллари (майда пуллар) сифатида фойдаланиш учун 2024 йил давомида қўшимча 54,5 млрд сўмлик янги тангалар муомалага чиқарилган ҳамда уларнинг жами муомаладаги нақд пуллар таркибидаги миқдорий салмоғи 0,3 фоизни ташкил этган.

Мавзуга оид