Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига бош шифокор тайинланди
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказида қатор тайинловлар амалга оширилди.
ССВ матбуот хизмати хабар беришича, Дилноза Анвархўжаевна Аъзамхўжаева марказ директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари — бош шифокор лавозимига тайинланди.
Дилноза Аъзамхўжаева 1992 йил Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган, 1994–1996 йилларда ушбу олий ўқув юртининг клиник ординатурасида таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини Республика офталмология шифохонаси врачи сифатида бошлаган. Турли йилларда Республика онкология илмий марказида шифокор, бўлим мудири, даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари каби қатор масъул лавозимларда ишлаган.
Тиббиёт фанлари номзоди Д. Аъзамхўжаева тайинловга қадар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Шунингдек, Мамедова Гузаля Бакир қизи марказ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Гузаля Мамедова 2006 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг бакалавриат босқичини, 2008 йилда магистратурасини тамомлаган.
Шундан сўнг мазкур олий ўқув юртининг Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш кафедрасида ассистент сифатида фаолият юритган. У 2018–2021 йилларда Тошкент педиатрия тиббиёт институти докторантурасида таҳсил олган.
Тиббиёт фанлари номзоди Гузаля Мамедова тайинловга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси бош мутахассиси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.