Жаҳон | 21:38 / 16.01.2025
3823
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг қиммат Lamborghini автомобили сотилди

Музейда сақланаётган Lamborghini Egoista рекорд қийматга сотилди. Унинг харидори ўзини ошкор қилмади.

Фото: alexzanderjr20

2013 йилда ягона нусхада чиқарилган ноёб Lamborghini Egoista суперкари рекорд даражадаги 117 миллион долларга сотилди. Supercarblondie хабарига кўра, бу келишув уни дунёдаги энг қиммат автомобилга айлантириб, аввалги рекордчи — 70 миллион долларга сотилган Ferrari 250 GTO автомобилини ортда қолдирди.

Lamborghini Egoista суперкари ғайриоддий дизайни туфайли қуруқликдаги қирувчи самолётга ўхшайди. Ҳайдовчи ўриндиғига ўтириш учун рулни олиб туришга тўғри келади. Машина 600 от кучига эга қудратли V10 двигатели билан жиҳозланган ва Lamborghini Gallardo шассисига ўрнатилган.

Яқин вақтгача Lamborghini Egoista компания музейида сақланарди ва у ерда абадий қолиши кутилаётганди. Бироқ, афтидан, компания «жуда фойдали» таклифга қаршилик кўрсата олмади. Инсайдерларга кўра, суперкар номаълум жойга олиб кетилган.

Egoista дизайни Уолтер да Силва раҳбарлигида ишлаб чиқилган бўлиб, у реактив қирувчи самолётнинг қуруқликдаги тимсолини яратишни мақсад қилган. Хусусиятлари орасида ғайриоддий уч бўлакли олд дизайн ва шиша «соябон» билан қопланган бир ўриндиқли кабина мавжуд.

Ҳарбий самолётларга ўхшашликни ошириш учун Egoista корпуси радарга қарши қоплама ва фаол аэродинамик элементлар билан жиҳозланган. Ўзининг экстравагант кўринишига қарамай, суперкар серияли Gallardo шассисига ўрнатилган.

Мавзуга оид