Ўзбекистон | 18:35
1224
2 дақиқада ўқилади

Президент инвестиция ва бозорларни эгаллаш учун жаҳонда қаттиқ кураш кетаётганини айтди

Мутасаддиларга ҳар бир тармоқнинг ташқи бозорлардаги имкониятини таҳлил қилиб, уч йиллик экспорт стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда давлат раҳбари инвестиция ва бозорларни эгаллаш учун жаҳонда қаттиқ кураш кетаётганини қайд этди.

Лойиҳалар учун четдан маблағ олиб келиш қанчалик қийин бўлаётганини, уни самарали ишлатиш кераклигини барча раҳбарлар тушуниши шартлиги айтилди, белгилаб берилган вазифалар ижроси устидан назоратни кучайтириш, аниқ механизмини белгилаб, энг қуйи бўғингача тушириш топширилди.

Вазирлар, тармоқ раҳбарлари, вилоят ҳокимлари олдига туманларга тушиб, ўз ишини жойида ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Ташқи бозордаги кучли рақобат, логистикадаги қийинчиликларга қарамасдан, бу йил экспортни 30 миллиард доллардан ошириш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда хом ашёси бўлган тўқимачилик, электротехника каби “драйвер” тармоқларда бор имконият тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Креатив ёндашувлардан фойдаланиб, бу тармоқлар экспортини 2-3 карра ошириш имконияти борлиги таъкидланди.

Шу боис, бу иккита драйвер тармоқни ривожлантириш, экспортга ишлаётган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш катта қарор лойиҳаси тайёрланди.

Хусусан, экспортчиларни айланма маблағ билан таъминлаш учун алоҳида Факторинг ташкилоти очилиб, унга 100 миллион доллар ажратилади. Корхоналарнинг халқаро сертификат талабларига мослашиш харажатларининг 20 минг долларгача қисми қоплаб берилади.

Ривожланиш ва тадқиқот марказлари учун олиб келинадиган лаборатория жиҳозлари божхона божларидан озод қилинади. Халқаро маркетплейслар орқали маҳаллий маҳсулотларни илгари суриш учун 2 миллион доллар йўналтирилади.

Мутасаддиларга ҳар бир тармоқнинг ташқи бозорлардаги имкониятини таҳлил қилиб, уч йиллик экспорт стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.

Мавзуга оид