ZTY иши: 215 жабрланувчига 62 млрд сўм зарар етказилгани маълум бўлди
Хитойдан турли русумдаги электромобилларни олиб келиш, сотиш ва қувватлаш билан шуғулланувчи “Green-Waatt”, “Ev Sky”, “ZTY Car Energy”, “Quwwatt Motors” МЧЖлар турли банклар орқали юзлаб одамларни чув туширган. Улар 200 доллар ҳақ эвазига одамларнинг номига кредит чиқартирган ҳамда 2 ой ичида узиб беришни ваъда қилиб, миллиардлаб суммани ўзлаштирган. Иш жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида кўрилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида кўплаб одамларни уларнинг номига кредит олиб, чув туширган автосалончилар иши кўрилмоқда. Бу ҳақда суд мажлислари жадвалида келтирилган.
Жиноят иши доирасида 6 киши айбланяпти. Булар “Green-Waatt” ва “Quwwatt Motors” МЧЖлар таъсисчиси Нозимжон Аслонов, “Green-Waatt” МЧЖ раҳбари Обидхон Тўраев, “Ev Sky” МЧЖ раҳбари Дилшод Эшонқулов, бир нечта МЧЖлар таъсисчиси Ваҳобжон Муҳарамхўжаев ва Зоҳид Тоғаев, шунингдек, Шербек Озодбековдир.
Уларга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а, в” бандлари (жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб фирибгарлик содир этиш), 228-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ҳамда 228-моддаси 3-қисми (ҳужжатнинг қалбаки эканини била туриб, ундан фойдаланиш) билан айблов эълон қилинган.
Жадвалда кўринишича, жиноят ишида 215 нафар фуқаро жабрланувчи сифатида ўтган. Kun.uz’даги маълумотларга кўра, жиноят иши доирасида етказилган умумий зарар миқдори 62 млрд сўмга тенг.
Kun.uz аввалроқ жабрланувчиларнинг мурожаати асосида ушбу иш бўйича суриштирув олиб борганди. Суриштирув давомида Хитойдан турли русумдаги электромобилларни олиб келиш, сотиш ва қувватлаш билан шуғулланувчи “Green-Waatt”, “Ev Sky”, “ZTY Car Energy”, “Quwwatt Motors” МЧЖлар турли банклар орқали юзлаб одамларни чув туширгани аниқланган.
Улар машҳур кишилар ёрдамида турли жозибали рекламаларга куч бериб, одамлар ишончига кирган. Режага кўра аксарияти ҳеч қаерда ишламайдиган, тайинли даромади йўқ фуқаролар биргаликда даромад олишга қизиқтирилган.
Схема қуйидагича ишлаган: фуқаролар билан қимматбаҳо Хитой автомобили учун шартнома тузилади; банкдан автомобил учун ўша фуқаро номига катта миқдорда, 200-300 млн сўмлик кредит чиқарилади; кредитдан чиққан пуллар схема тепасида турган фирма эгалари қўлига ўтади; одамлар кредит компания томонидан тўлаб борилишига ишонтирилади; 2 ой ичида Хитойдан автомашина олиб келиниб, қайта сотилиши ва тушган маблағ ҳисобига кредит тўлиқ ёпилиши ваъда қилинади.
Буларнинг барчаси эвазига бу алданаётган фуқароларга бор-йўғи 200 доллардан “бонус” берилган. “Осмондан тушаётган” 200 долларни эшитган содда одамлар бирин-кетин таниш-билиш, қариндош-уруғ, қўшниларини етаклаб келаверган.
Иқтисодчи Валижон Тўрақулов бу вазиятни қонуний жиноят деб атаган. Унинг айтишича, бундай турдаги жиноятлар ноқонунийсига қараганда хавфлироқ бўлади. Тўрақулов шундай жиноятлар қилиниши давом этаверса, молия бозорида инқироз юзага келишидан огоҳлантирган.
Олдинроқ “Umid avto” раҳбари қамоққа олингани, у жуда кўп миқдордаги фирибгарликда гумонланаётгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
16:08 / 14.01.2025
Фуқароларни АҚШга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди
15:02 / 14.01.2025
“Ойи, мен аварияга учрадим” – Тошкентда ғаройиб фирибгарлик содир этилди
14:14 / 14.01.2025
Уч ҳудудда ишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати фош этилди
11:18 / 13.01.2025