Фан-техника | 08:25 / 25.06.2015
2792
2 дақиқада ўқилади

Lexus компанияси учар доска – ховерборд яратиши ҳақида эълон қилди

Lexus компанияси магнит левитацияси асосида учар доска – ховерборд яратишини эълон қилди. Бу ҳақда компания YouTube`да жойлаштирилган видеоролигида айтиб ўтди.

Видеода оддий скейтбордда учаётган эркак тасвирланган, сўнгра кадрда йўл устида муаллақ турган учар доска пайдо бўлади. Ролик эркак оёғини учар доскага қўйиши саҳнаси билан якунланган. Бироқ видеода эркак бу доскада учишга муваффақ бўлган-бўлмагани кўрсатилмаган. Видеога ҳавола этилган ёзувларда компания “Келажакка қайтиш” фильмидаги каби ховерборднинг аналогини яратгани таъкидланмоқда.

Компания сайтида доска ўта юқори ўтказгичлар томонидан таъминланадиган магнит левитацияси эффекти ҳисобига ишлаши айтилмоқда. Видеода доска тагидан буғлар чиқаётгани акс этган, эҳтимол бу буғлар баъзи турдаги материалларда ўта юқори ўтказувчанлик эффектини пайдо қилиш учун ишлатиладиган суюқ азот буғлари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ховерборд устида одам турган ҳолда магнит левитациясини яратиш учун бир нарсани ҳал қилиш керак бўлади. Доска одамни кўтариши учун ўта юқори ўтказгич магнит майдонига жойлаштирилиши талаб этилади. Ўта юқори ўтказгич одам вазнини кўтара олиши учун магнит майдони қувватланлиги жуда катта бўлиши керак, бироқ ҳар бир материал учун ўта юқори ўтказгич хусусиятларини бузмайдиган майдоннинг чекли қиймати мавжуд. Lexus бу ихтироси тавсилотларини кейинроқ ошкор этишга ваъда қилмоқда, бироқ аниқ муддатларни айтмаяпти.

Ховерборд яратиш ғояси охирги йилларда жуда оммалашиб кетди. Буни “Келажакка қайтиш” фильмининг 2-қисмида бу учар доскалар намойиш этилган воқеалар 2015 йилда рўй бергани билан боғлаш мумкин. Техник тараққиёт ҳаваскор ихтирочиларга кучли ихчам насослар ёрдамида ховербордларни яратишга имкон берди, бироқ улар фантастик фильмда кўрсатилгандек хусусиятларга эга бўлишига ҳали анча бор.