Спорт | 19:57 / 19.07.2015
4639
1 дақиқада ўқилади

“Рома” яримҳимоячиси Сейду Кейта “Реал” ҳимоячиси Пепе билан кўришишдан бош тортди

18 июль куни футбол бўйича Австралияда Халқаро чемпионлар кубоги бошланди. Мусобақанинг илк учрашувида Римнинг “Рома” ва Мадриднинг “Реал” клублари тўқнашишди.

Ўртоқлик учрашуви сифатида ўтказилган ушбу учрашув анъанавий сардорларнинг қўл бериб кўришиш маросимисиз бошланди. Кейта Пепени қаршилашдан бош тортди.

Бунга римликлар сардори Сейду Кейта ва мадридликлар сардори Пепе ўртасидаги 2011 йилдаги Испания Суперкубоги учрашувидаги нохуш воқеа сабаб бўлди.

Ўша пайтда “Барселона” сафида тўп сурган Кейта Пепени ирқчиликда айблаган эди. Кейтанинг айтишича, португалиялик ўйинчи уни маймун деб атаган. 2014 йилда ушбу ўйинчилар орасида яна жанжал чиққан.

Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмаган. Пенальтилар сериясида римликлар “Реал” устидан 7:6 ҳисобида ғалаба қозондилар.