Спорт | 22:57 / 29.08.2015
3767
2 дақиқада ўқилади

Англия Премьер лигаси: “Челси”, “Ливерпуль” ўз уйида мағлуб бўлди

29 августда Англия Премьер лигасининг 4-тури доирасида “Челси” ва “Ливерпуль” ўз майдонларида мос равишда “Кристал Пэлас” ва “Вест Хэм”ни қабул қилди.

Лондондаги учрашув 1:2 ҳисобида меҳмон жамоа – “Кристал Пэлас” фойдасига тугади. Учрашувнинг 65-дақиқасида меҳмон жамоа ҳужумчиси Бакари Сако ҳисобни очди. 79-дақиқада Радамел Фалькаонинг тўпи ҳисобига лондонликлар ҳисобни тенглаштиришди. Фалькао “Челси” таркибида ўзининг биринчи тўпини урди. Бироқ икки дақиқа ўтмай Жоэл Уорд “Кристал Пэлас”ни олдинга олиб чиқди ва учрашувдаги якуний ҳисобни ўрнатди.

Англия Премьер-лигаси. 4-тур

Челси (Лондон) – Кристал Пэлас (Лондон) – 1:2
Голлар: Сако, 65 (0:1); Фалькао, 79 (1:1); Уорд, 81 (1:2).

Ливерпулдаги учрашув “Вест Хэм”нинг 0:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ливерпулликлар учрашувнинг 3-дақиқасидаёқ тезкор голни ўтказиб юбордилар. Голни ўз ҳисобига Мануэль Лансини ёзиб қўйди. 29-дақиқада Марк Ноубл ҳисобни 0:2 га, қўшимча вақтнинг 2-дақиқасида Диафра Сахо 0:3 га етказиб қўйди. Учрашувда меҳмон ва мезбон жамоадан бир нафардан ўйинчи – Фелипе Коутинью ва Марк Ноубл ўйиндан четлатилдилар.

Ливерпуль (Ливерпуль) – Вест Хэм Юнайтед (Лондон) – 0:3
Голлар: Лансини, 3 (0:1); Ноубл, 29 (0:2); Сахо, 90+2 (0:3).
Четлатиш: Коутиньо, 52 – Ноубл, 78.