Жамият | 08:51 / 10.09.2015
3875
2 дақиқада ўқилади

“Кўк бошли” урғочи айиқ YouTube юлдузига айланди

Боши ёрқин кўк рангда бўлган урғочи айиқ акс этган видеоёзув YouTube видеопорталида оммалашиб кетди. Бу ҳолатни фотосуратчи Аарон Смит Канаданинг Мишн шаҳри яқинида тасвирга олди ва интернетга жойлаштирди. Бу ҳақда The Huffington Post нашри хабар бермоқда.

Видео бир ҳафта давомида 165 минг намойиш йиғишга муваффақ бўлди.

Смитнинг айтишича, у айиқни ўз болалари билан Сильвермер кўли ёнида сайр қилиб юрганда пайқаб қолган.
“У жуда ғалати кўринишга эга эди. Айиқ бошини худди керак бўлмаган жойга тиқиб олгандек бўйин қисмигача кўк рангда эди”, дейди Смит.

Смит бу ҳолат юзасидан маҳаллий Mission Animal Control ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотига хабар берган.

Мутахассислар айиқнинг саломатлигига ҳеч нарса хавф солмаётганини ва бўёқ секин-аста йўқолиб кетишини айтишди.
Фотосуратчи фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, она айиқнинг бу суратлари оммалашиб кетгани туфайли у ҳам “ўзининг 15 дақиқалик шон-шуҳратини” ҳис қилди. У анчадан бери қандайдир шов-шувли сурат олишни истаганини, бироқ бу сурат айнан шундай бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганини айтди.

Айиқлар биринчи марта ўз қизиқувчанликлари сабабли ҳам кулгили, ҳам аянчли ҳолатларга тушаётганлари йўқ. Августда Колорадо-Спрингс шаҳрида айиқ бола ўз қизиқувчанлиги туфайли боши спорт озуқаси банкасида тиқилиб қолган эди. Шу ойнинг ўзида АҚШнинг Сандпойнт шаҳрида яшовчи эркак ўз уйида боши мушуклар учун эшикча ичига тиқилиб қолган ҳолдаги айиқни аниқлаган.