Фан-техника | 18:39 / 18.11.2015
6487
2 дақиқада ўқилади

Телефондан фойдаланмасдан селфига тушиш имконини берувчи ойна яратилди

АҚШнинг Smart Ltd компанияси мобиль телефон ёки фотоаппаратдан фойдаланмасдан селфи олиш имконини берувчи ойна яратди, деб хабар бермоқда The Mirror нашри.

Янги маҳсулот намойиш қилинган видеода ойна профессионал сурат ёки видео олиши, сўнгра уларни Instagram ёки YouTube’да жойлаштириши мумкинлиги айтилган. Қурилма сенсор панель орқали бошқарилади.

Ойнаванд сирт юзида жойлашган яширин камера суратга олади. Гаджет ҳаракатни қайд қилувчи датчиклар билан жиҳозланган ва уйда содир бўлаётган воқеаларни кузатиш режимида ишлай олади ҳамда симсиз алоқа бўйича фото ва видеони эгасининг смартфонига юборади. Бундан ташқари, ойна ички ўрнатилган карнайлар ёрдамида мусиқа ижро эта олади.

Нашрнинг таъкидлашича, янги ихтиро селфи-таёқчага рақобатчи бўлиши мумкин.

Ушбу стартап Indiegogo краудфандинг майдони орқали молиялаштирилиши тахмин қилинмоқда, бироқ ишлаб чиқарувчи сайтида буюртмани расмийлаштириш мумкин. Гаджетнинг 68,5 см га 119,3 см ўлчамли варианти нархи 250 долларни ва сал кичикроқ ўлчамдагиси, яъни 68,5 см га 80 см лиси 200 долларни ташкил қилади.