Спорт | 22:47 / 07.12.2015
13657
1 дақиқада ўқилади

Россиялик 12 соат давомида турникда тортилиб, рекордини ўрнатди

Россиянинг Красноярск шаҳридан бўлган спортчи Николай Каклимов турникда тортилиш бўйича жаҳон рекордини қайд этди. Бу ҳақда Красноярск шаҳри жисмоний маданият, спорт ва туризм бўйича бошқармаси сайтида маълум қилинган.

"Аввалига Каклимов турникда 10 марта кўтарилиб кўрди. Кейин 6 соат мобайнида 5 мартадан тортилди. 6 соат ичида у 3455 марта турникка кўтарилган. 12 соат якунида эса ҳакамлар 4989 марта турникда кўтарилишни қайд этишган ва бу янги дунё рекордига айланган.

5 декабрь куни судьялар коллегияси томонидан қайд этилган рекорд видеоёзувини Россия рекордлар китоби ва Гиннес рекордлар китоби қўмиталарига юбориш режалаштирилган.

54 ёшли Николай Каклимов бундан олдин ҳам Россия рекордлар китобига киритилган. У шу йилнинг август ойида 30 дақиқа давомида 494 марта турникда тортилганди.

Маълумот учун, бундан олдинги рекорд чехиялик Ян Каресга тегишли ҳисобланади. У 2014 йилда 6 соат ичида 3378 марта, 12 соат ичида 4654 марталик натижа кўрсатган.