Жаҳон | 01:10 / 16.01.2016
6905
2 дақиқада ўқилади

Озарбайжонда валюта сотуви чекланиши муносабати билан халқ кўчаларга чиқди

Кеча, 13 январь куни Озарбайжон марказий банки барча валюта айирбошлаш шохобчаларининг лицензияларини тугатди. Эндиликда чет эл валютасини фақат банк филиалларида айирбошлаш мумкин.

Бу ҳолат аҳолида кескин норозиликлар келтириб чиқарди. Бир қатор шаҳарларда норозилик акциялари уюштирилди. Одамлар кўчаларга чиқиб, ўз норозиликларини ифодалай бошлади.

Маҳаллий матбуотда хабар қилинишича, 13 январь куни бундай намойишлар Ақчабанди, Ужар, Фузулий, Лангарон туманларида ўтказилган.

Бугун эса намойишлар Губа шаҳрида давом этмоқда. Аҳоли туман раҳбарияти билан учрашишни талаб қилмоқда. Аҳоли билан туман ижроия ҳокимияти раҳбари Яшар Мамедов учрашиб, валюта сиёсати билан боғлиқ масалалар мамлакат раҳбарияти даражасида ҳал қилинишини айтиб ўтди.

Лекин бу жавоб намойишчиларни қониқтирмади. Улар эски вокзал ҳудудида тўпланишда давом этишди. ИИВ вакиллари бу масалаларни ҳал қилишга ваъда бериб, уларни тарқалишга чақирганига қарамай, одамлар Губа-Боку йўлини тўсиб қўйишга уринишди. Ички қўшинлар воқеа жойига етиб келиб, намойишчиларни сув пуркагич ва ёш оқизувчи газ воситасида тарқатиб юборишга уринди.

13 январь куни жами жамоат тартибини бузган 50 киши қўлга олинган эди. Бугун неча киши ҳибс этилгани номаълум.

Интернетда воқеа жойидан олинган кўплаб видеороликлар жойлаштирилди.