Жаҳон | 14:40 / 16.01.2016
5510
2 дақиқада ўқилади

Теннесилик жуфтликнинг 1,6 млрд долларлик ютуққа эга Powerball лотореясида ғолиб бўлгани тасдиқланди

Американинг Теннеси штатида яшовчи жуфтлик АҚШда оммалашган Powerball лотореясининг рекорд даражадаги ютуғи ғолибларидан бири экани тўғрисидаги даъволари ўз тасдиғини топди.

ТАСС хабарига кўра, Жон ва ЛИза Робинсонлар унча катта бўлмаган Манфорд шаҳарчасида истиқомат қилишади. Оила раҳбарининг айтишича, уйи яқинидаги дўкондан ютуқ чиққан чиптани сотиб олган. У жами бўлиб тўртта лоторея чиптасини сотиб олган – ўзи, турмуш ўртоғи, ўғли ва қизи учун. Улардан бирига ютуқ чиқди.

“Бу шунчаки тасодиф, - деди ахборот технологиялари соҳасида меҳнат қиладиган Робинсон. – Ютуқ натижалари эълон қилинганида, қувончдан бутун уйни бошимга кўтаришни бошладим”.

NBC телеканали эфирига чиққан Робинсон бутун оммага биринчи бўлиб омад ўзига кулиб боққанини маълум қилди. Кейинроқ улар Нэшвилл (Теннесси штати) шаҳридаги лоторея идорасига боришди. У ерда Powerball ташкилотчилари чиптанинг ҳақиқий эканини тасдиқлашди. Шундай қилиб, ушбу бахтиёр оила ютуқнинг 530 миллион долларлик қисмига эга бўлишди.

Лос-Анджелес ва Флорида штатларида ўйналган яна икки лоторея чиптаси айнан кимга тегишли экани ҳозирча номаълум.