Автобус, микроавтобус, мотоцикл ва мопед чироқлари кундуз куни ҳам ёқилган бўлиши шартлиги белгиланди
2016 йилнинг 1 мартида кучга кирадиган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ташкилий равишда одам олиб кетаётган, йўловчиларни ташиётган автобуслар, микроавтобуслар, шунингдек, мотоцикл ва мопедлар хавфсизликни таъминлаш чораларини кучайтириш учун куннинг ёруғ пайтида ҳаракатланаётганда ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юришлари шарт.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиев Ички ишлар вазирлиги сайтига берган интервьюсида маълум қилди.
“Транспорт воситалари куннинг ёруғ вақтида ҳам чироқларини ёқиб юрса, кўпчиликнинг эътиборини тортади, - деди Х.Сайдалиев. - Янги таҳрирдаги қоидаларда ҳам шу жиҳат эътиборга олинди.
Эндиликда ташкилий равишда одам олиб кетаётган, йўловчиларни ташиётган автобуслар, микроавтобуслар, шунингдек, мотоцикл ва мопедлар хавфсизликни таъминлаш чораларини кучайтириш учун куннинг ёруғ пайтида ҳаракатланаётганда ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юришлари шарт, деб белгиланди. Ушбу тартиб қоидаларнинг 138-бандига қўшимча қилиб киритилди”.
Бунга қўшимча сифатида, ЙҲҚнинг транспорт воситалари бошқарувчиларининг ёшини белгиловчи 149-банди ҳайдовчиларни тайёрлаш тўғрисидаги Низом талабларига мос равишда янги таҳрирда берилгани айтиб ўтилди.
Яъни, қоидаларга асосан «А» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганлар ўқишни битириш вақтида камида 16 ёшда, «В» ва «С» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганлар ўқишни битириш вақтида камида 18 ёшда, «Д» ва трамвай, троллейбусни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганлар ўқишни битириш вақтида камида 21 ёшда бўлиши керак.