Жаҳон | 13:20 / 19.01.2016
13419
2 дақиқада ўқилади

Америкалик сенатор МДҲ давлатларини “ўта хавфли” давлатлар рўйхатига киритишни таклиф қилди

АҚШ Конгрессига киритилган янги қонун лойиҳасига кўра, террорчилар етказиши мумкин бўлган “ўта хавфли” давлат рўйхатини расман тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Ҳужжатга кўра, бундай давлат фуқароларига визаларни камида 30 кунда тўғирлаб бериш, шунингдек, улардан келадиган қочқинларни назорат остига олиш кўзда тутилади.

“Известия” газетасининг ёзишича, кўзда тутилган ўзгартишлар Давлат департаментига “ёмон рўйхат”даги давлатлардан келган мажбурий муҳожирларни қабул қилишга мораторий жорий этиши мумкин бўлади. Мазкур “хавфсизлик акти” Кентукки штати сенатори Рэнд Пол томонидан ишлаб чиқилди.

Мазкур рўйхатда Россия ҳамда қатор МДҲ давлатлари, шу жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва 30га яқин араб давлатлари бор.

Рўйхатнинг тўла шакли қуйидагича: Россия, Афғонистон, Жазоир, Баҳрайн, Бангладеш, Миср, Эритрея, Индонезия, Эрон, Ироқ, Иордания, Қозоғистон, Қувайт, Қирғизистон, Ливан, Ливия, Мали, Марокаш, Нигерия, Шимолий Корея, Уммон, Покистон, Қатар, Саудия Арабистони, Сомали, Судан, Сурия, Тожикистон, Тунис, Туркия, БАА, Ўзбекистон, Яман ва Фаластин.