Иқтисодиёт | 19:29 / 19.01.2016
10459
2 дақиқада ўқилади

Жаҳоннинг энг инновацион иқтисодиётлари рейтингида биринчи ўринни Жанубий Корея эгаллади

Bloomberg агентлиги эълон қилган Innovation Index 2016 рейтинги жаҳон иқтисодиётларининг инновацион тараққиётини баҳолади. Агентлик экспертларининг фикрича, бу соҳада биринчи ўринда Жанубий Корея кетмоқда. Ундан кейинги ўринлар Германия ва Швецияга насиб қилди.

Экспертлар рўйхатни тузишда кўплаб омилларни инобатга олишди. Булар орасида тадқиқот ва ишланмаларга йўналтирилаётган харажатлар, давлат ҳудудида ишлаётган юқори технологик компаниялар сони асосий ўрин касб этади.

Таъкидланишича, Жанубий Корея илмий ва муҳандислик йўналишларида олий маълумотга эга битирувчилар сонига кўра дунёда энг яхши натижа қайд қилган. Шунингдек, у юқори технологик ва патент бериш фаолияти нуқтаи назаридан иккинчи, тадқиқотчилар сонига кўра олтинчи натижани қайд қилди. Умуман олганда, Жанубий Корея 100 балли рейтингда 91.31 бал тўплай олди.

Кучли ўнликка кирувчи давлатларнинг кўрсаткичлари эса 85-80 бал орасида.

Кучли бешликка Япония ва Швейцария якун ясаб берди. Ўнликка, шунингдек, Сингапур, Финляндия, АҚШ, Дания, Франция кирди.

50та давлатни ўз ичига олган рейтингга МДҲдан фақат иккита давлат киритилди: Россия (78.85) Исроилдан кейин 12-ўринни эгаллаб турган бўлса, Қозоғистон (48.48) рўйхатнинг энг охиридан ўрин олди.