Жаҳон | 09:30 / 19.01.2016
4875
2 дақиқада ўқилади

Керри: Эроннинг нефть қазиб олиш инфратузилмасини тиклаш учун 500 млрд доллар зарур бўлади

Эрондан халқаро санкциялар бекор қилинганидан кейин Эрон хорижий банкларда музлатиб қўйилган 55 млрд долларга яқин маблағига эга бўла олади, бироқ унинг инфратузилмани тиклашга эҳтиёжи анча кўпроқни ташкил қилади. Бу ҳақда 18 январда CNN телекомпаниясига интервьюда АҚШ Давлат котиби Жон Керри айтиб ўтди.

“Мен репортажларда 100-150 млрд долларга яқин рақамларни эшитдим. Бу нотўғри. Гап маълум вақт ичида 55 млрд долларга эга бўлиш ҳақида кетмоқда”, деб айтди Керри. Керрининг фикрича, бу орада Эронга нефть қазиб олиш инфратузилмасини тиклаш учун 500 млрд доллар зарур бўлади.

Сурия ихтилофини тартибга солиш истиқболлари ҳақидаги саволга Керри АҚШ яқинда Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашгани Сурия бўйича музокаралар боришига таъсир қилмаслигига умид билдираётганини айтди.

“Эронликлар музокаралар столига ўтиришга рози бўлишди. Улар бу стол атрофида Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар билан бирга бўлишади, буни бир неча ой тасаввур қилиб ҳам бўлмасди.

Саудияликлар ҳам, эронликлар ҳам улар орасида ҳозирда мавжуд бўлган келишмовчиликлар Сурия муаммосини ҳал қилишда тараққиётга эришишга уринишларга таъсир қилмаслигига келишиб олдилар”, деб айтди Керри.

АҚШ Давлат котиби Эрон Сурия бўйича режа таклиф қилганини эслатиб ўтди. “Бу режада ўт очишни тўхтатиш, янги конституцияни яратиш бўйича музокаралар ўтказиш, миллий бирдамлик ҳукуматини яратиш ва сайловлар ўтказиш кўзда тутилган.

Бу таклифлар Женевадаги музокаралар иштирокчилари эришишга уринган мақсадларга жуда яқин. Буларнинг барчасини кўриб чиқиш керак”, деб таъкидлади Керри.