Жаҳон | 19:11 / 20.01.2016
10017
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда сигарета тақиқланди

Туркманистонда тамаки чекиш муаммоси осонлик билан ҳал қилинди. Сигарета чекувчилар сони бўйича дунёда энг охирги ўринда турувчи ушбу давлатда тамаки маҳсулотлари сотиш тақиқланди, сигареталар эса ёқиб юборила бошланди.

“Российская газета”нинг хабар беришича, 5 январь куни мамлакат ҳукумати йиғилишида президент Гурбангули Бердимуҳамедов соғлом жамият хавфсизлигини ҳимоя қилиш давлат хизмати ишини кескин танқид остига олган. Собиқ тиш шифокори бўлган президент чекишга қарши уруш эълон қилиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Кўриладиган чораларнинг асосийси тамаки маҳсулотларини бутунлай тақиқлаб қўйиш бўлиши керак эди.

Янги қоидаларнинг бузилиши 1.7 минг доллар миқдоридаги жариманинг ундирилишига олиб келади.

Эртаси куни дўконларга рейдлар уюштирилиб, инспекторлар тамаки маҳсулотларини тортиб ола бошлашди.

Чекишга қарши кампания доирасида минглаб пачка сигарета ёқиб юборилди. Мамлакат ҳудудига бундай маҳсулотни олиб кириш, сотиш ва истеъмол қилиш бутунлай тақиқланди.

Шу билан бирга, бир қатор ахборот агентликларининг маълум қилишича, дўкондорлар сигаретани яширинча сотишда давом этмоқда.

Бундай ташаббусдан фақат бозор учарлари ютуққа эришди: қора бозорда бир пачка сигарета нархи 12 долларга етди, бу эса мамлакатда минимал ойлик иш ҳақининг ярмини ташкил қилади. Донабай сигарета нархи икки баробарга ошди. Энди бир дона сигарета 1 доллардан қиммат туради.