Жамият | 00:58 / 21.01.2016
13825
2 дақиқада ўқилади

Давос форумида энг яхши мамлакатлар рейтинги эълон қилинди

Рейтинг US News & World Report томонидан тайёрланиб, Давосдаги Бутунжаҳон иқтисодий форумида тақдим этилди.

Мамлакатлар тўққизта мезон асосида баҳоланди: туризм соҳаси, инновациялар, жаҳон саҳнасидаги қудрати ва таъсири, ижтимоий соҳа, маданият, тарихий мерос, иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари, бизнес учун қулайлик, аҳоли ҳаётининг умумий даражаси.

60 та мамлакатдан иборат бўлган умумий рейтингда Германия етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринлар эса Канада, Буюк Британия, АҚШ ва Швецияга тегишли.

Хитой 7-ўрин, Ҳиндистон 22-ўрин, Туркия 30-ўринни эгаллаган. Россия 24-ўринни эгаллаб, Португалия ва Исроил давлатлари орасидан жой олган.

Рўйхатнинг сўнгги учлигида эса Эрон (58-ўрин), Украина (59-ўрин) ва Жазоир (60-ўрин)ни кўришимиз мумкин.

Рейтинг US News & World Report томонидан BAV Consulting ва Пенсильвания университети ҳамкорлигида тайёрланган. У 36 мамлакатдаги 16 минг киши ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровнома натижаларига асосланади. Сўровномада бизнес элита вакиллари ҳамда оддий фуқаролар иштирок этган.