АҚШ Японияга 12 дона “кўринмас” F-22 қирувчисини жойлаштирди
АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари ўзининг Токио ҳудудидаги Иокото базасига бешинчи авлод F-22 Raptor жанговар самолётларини жойлаштирди. Бу ҳақда Токиода бўлиб ўтган матбуот анжуманида Япония Мудофаа вазири Гэн Накатани маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.
Унинг сўзларига кўра, 20 январь куни базага саккизта, кейинги куни эса яна тўртта F-22 етиб келди. Уларнинг жойлаштирилишига КХДР томонидан тўртинчи маротаба ўтказилган ядро қуроли синови сабаб экани айтилган.
Япон вазири мазкур самолётларнинг жойлаштирилишини хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бир қисми, деб атади. “Шимолий Кореянинг янги ядро синовини ўтказгани Шимоли-шарқий Осиёдаги вазиятнинг кескинлашганини кўрсатади, - деди Накатани. – Японияга хавфсизлигини таъминлаши учун АҚШнинг тўхтатиб турувчи кучи зарур”.
“Кўринмаслик” хусусиятига эга F-22 ҳар қандай об-ҳавога мўлжалланган қирувчи бўлиб, ҳавода жанг қилиш учун ишлаб чиқилган. Уларни АҚШнинг энг яқин иттифоқчиларига ҳам сотиш тақиқланган.