Ўзбекистон | 10:44 / 22.01.2016
3550
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда қатор учрашувлар ўтказди

2016 йилнинг 19—21 январь кунлари Ўзбекистон—АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раундида иштирок этиш мақсадида Вашингтон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий Осиё бўйича катта директори Питер Лавой, давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Томас Шеннон, энергетика вазири ўринбосари Элизабет Шервуд-Рендал ҳамда давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвал билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Музокаралар давомида турли соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш истиқболлари нуқтаи назаридан муҳокама қилинди ҳамда баъзи халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари АҚШнинг қатор вазирлик ва идораларида учрашувлар ва музокаралар ўтказди.

Аввалроқ Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Америка Қўшма Штатлари давлат котибининг ўринбосари Ҳизер Ҳиггинботтом билан учрашгани тўғрисида хабар берилган эди.

19 январь куни эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон—АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раундини ўтказган эди.