АҚШда 2016 йилги президентлик сайлови. Жараён, анъаналар ва қоидалар
2016 йилнинг ноябрь ойида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. АҚШда президент сайлови ҳар 4 йилда -4 га қолдиқсиз бўлинувчи йиллардаги ноябрь ойининг биринчи душанбасидан кейинги биринчи сешанбасида ўтказилади. Кўпчилик, “демак ноябрнинг биринчи сешанбасида экан-да”, дейиши мумкин. Аммо бундай эмас. Мабодо 1 ноябрь сешанбага тўғри келиб қолса, у ҳолда сайловлар 8 ноябрда ўтказилади.
АҚШ Конституциясига кўра, президент камида 35 ёшда, Америка фуқароси бўлиши лозим. Президентликка номзодлар ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилувчи президент сайловларидан бир неча ой илгари сиёсий партиялар томонидан танлаб олинади. Бунинг учун сайловда иштирок этувчи партиялар ичида бошланғич сайловлар, яъни праймериз ўтказилади. Праймериз инглизча сўз бўлиб, “бошланғич, дастабки сайловлар” деган маънони англатади. Кўпчилик буни “оралиқ сайловлар” ҳам деб атайди. Бу нотўғри қилинган таржимадир. АҚШда Оралиқ сайловлар бўшаб қолган ўринларни тўлдириш мақсадида фақат Конгресс учун ўтказилади.
Праймериз тадбири жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида ўтказилишига қарамай, нима учундир кўпроқ АҚШга хос жараён сифатида кўрилади. Бу мамлакатда ҳар тўрт йилда ўтказиладиган президентлик сайловлари ўтадиган йилнинг январь-июнь ойларида партиялар праймериз ўтказади. Унда сиёсий партиялардан президентликка ягона номзод танлаб олинади. Кўп ҳолларда жараённинг ўрталарида ягона номзоднинг ким бўлиши аниқланади. Мабодо шу давр ичида ягона номзод аниқланмайдиган бўлса, уни ҳал этилишини партия олий анжуманигача кутишга тўғри келади.
Таҳлилчиларнинг айтишича, праймериздан асосий мақсад бир партиядан кўрсатилган номзодлар овозларни бир-бирларидан тортиб олмаслик учун штатларда дастабки сайловлар ўтказишдир. Партиялар кўрсатадиган номзодлар праймериз давомида 1144 делегатнинг қўллаб-қувватлашига эга бўлиши лозим. Шуни таъкидлаш керакки, праймеризда мағлубиятга учраган номзодлар кўп ҳолларда мустақил номзод сифатида президентлик сайловларида иштирок этишади.
Эслатиб ўтиш керакки, "АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида фақат икки номзод - демократик ва республикачилардан вакиллар қатнашади" қабилидаги тассаввур мутлақо нотўғридир. Аслида президентлик сайловларига расман ўнлаб номзодлар қўйилади. Бироқ ёзилмаган қоидаларга кўра, нима учундир 2та партия вакилларига кўпроқ эътибор қаратилади.
АҚШда илк бор праймериз 1842 йилда ўтказилган. 1903 йилда эса илк бор Висконсин штатида “Мажбурий праймериз ўтказиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 1927 йилга келиб эса, барча штатларда бу каби қонунлар қабул қилиниб, кучга кирди. Шу тариқа праймериз партиявий номзодларни танлаб олишда асосий жараён сифатида тан олинди. Унга қадар номзодлар партия анжуманларида, кўп ҳолларда музокаралар самараси ўлароқ танлаб олинарди. Кейинчалик, “маҳаллий партия раҳбарининг таъсирини сусайтириш мақсадида праймеризлар ўтказилиши керак”, деган фикрга келинди. Айни дамда АҚШнинг 11та штатида праймериз эмас, балки партия конференциялари ёки партиявий референдумлар (кокуслар) ўтказилади. Праймериз тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш асосида ўтказилади. Яширин овоз беришда партиянинг рўйхатга олинган аъзоларигина қатнашади. Очиқ овоз беришда эса партиявий қарашидан қатъи назар барча хоҳловчилар иштирок этади. Мабодо, бир партиянинг праймеризида бошқа партия тарафдори иштирок этгудек бўлса, партиянинг умуммиллий анжумани мазкур штатдаги овоз бериш натижаларини тан олмаслиги мумкин. Овоз бериш жараёнини ҳар бир штатнинг ўзи белгилайди. 1980-йиллардан бошлаб февраль ойининг биринчи сешанбасида бир нечта штатда ўтказиладиган “суперсешанба” феномени юзага келди.
Шуни таъкидлаш керакки, праймериз ва штатларда ўтказилган конференцияларда сайланган делегатлар умуммиллий съездда партиядан ягона номзодни танлашади.
Америка тизими президент сайлашнинг фақат ўзига хос усулига эгадир. Номзодларнинг исм-шарифлари сайлаш варақаларида белгиланган бўлишига қарамай, техник жиҳатдан сайловчилар президент (ёки вице-президент) учун тўғридан-тўғри овоз бермайдилар. Ҳар бир штат аҳолиси ўша штатнинг Конгрессда бўлган сенатор ва вакиллар сонига тенг “Президент сайловчилари”ни саралайди. Ҳар бир штатнинг энг кўп овоз олган номзоди мазкур штатнинг барча “сайлов овоз”ларини ўз ҳисобига ўтказишга эришади.
Барча 50та штат ва Колумбия округининг сайловчилари-жами 538 шахс - Сайловчилар Коллегияси сифатида маълум бўлган Ҳайъатни ташкил қилади. Конституцияга кўра, Коллегия ҳеч қачон бир ташкилот тариқасида бир жойда тўпланмайди. Балки мазкур сайловчилар штат марказларида сайловдан кўп ўтмай йиғилишади ва ўз штатларида аҳолининг кўпчилик овозига эришган номзодга овоз берадилар. Муваффақият қозониш учун, президентликка номзод иложи бўлган 538 овоздан 270 овоз тўплаши шарт.
1951 йилда тасдиқланган 22-қўшимчага мувофиқ, АҚШда президент лавозими 2 муддат билан чегараланган. Вице-президент президент билан биргаликда хизмат қилади. Вице-президент ворислик хуқуқига эга бўлишдан ташқари Сенат раиси ҳамдир.
Президентликнинг 4 йиллик муддати ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг, 20 январда бошланади. Анъанага биноан, президентнинг расмий фаолияти Капитолий биносида жойлашган Конгресснинг зиналарида ўтказилувчи инауграция (лавозимига қасамёд қилиш) маросимидан бошланади. Олий Суднинг Бош ҳаками бошчилигида янги президент ошкора равишда ўз мансабига қасамёд қилади. Қасамёд маросимидан сўнг, инауграция мурожаатномаси эълон қилиниб, янги президент ўзининг сиёсий йўналиши ва режалари асосларини баён этади.
Шарофиддин Тўлаганов