Тошкентда GM Uzbekistan`нинг янги автомобили синовдан ўтказилмоқда
Тошкент шаҳри кўчаларида GM Uzbekistan компанияси томонидан ишлаб чиқарилиши белгиланган Chevrolet Aveo автомобили синовдан ўтказилмоқда. “Фейсбук”даги “Водители Ташкента” гуруҳи фойдаланувчиси синовдан ўтказилаётган бир неча рангдаги машина фотосуратларини эълон қилди.
Суратлардан кўриш мумкинки, автомобилнинг олд ва орқа қисми қора тусда ниқобланган, давлат рақами ўрнига эса лотин алифбосида “тажриба” сўзи ёзиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг баҳор ойларидан GM Uzbekistan компанияси янги Chevrolet Aveo моделини ишлаб чиқара бошлайди. Мазкур модел Россия бозорида Ravon Nexia номи остида 379 минг рубл (тахминан 4,7 минг доллар)дан савдога чиқарилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, GM Uzbekistan 2015-2016 йилларда T250 платформасидаги автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишга 104.2 млн доллар маблағ ажратди. Ишлаб чиқариш қуввати эса йилига 73.6 минг автомобилни ташкил этади.