Жамият | 20:40 / 26.01.2016
10205
1 дақиқада ўқилади

2015 йилда “Ўзбекнаво” 10га яқин лицензияларни тўхтатиб қўйди

2015 йил давомида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом ҳамда лицензион келишув талабларини бузган 10га яқин артистларнинг лицензияларини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда Sputnik агентлиги хабар бермоқда.

Агентлик манбасининг сўзларига қараганда, айни кунларда лицензия олиш шартлари қаттиқлаштирилган, аммо бу санъаткорлар чекланмоқда ёки тақиқланмоқда, дегани эмас.

“Лицензия олишда ҳар бир артист “Ўзбекнаво” билан келишув имзолайди, - деди у. – Бу давлат органи, у нафақат лицензия беради, балки концерт ташкилотчилар ва ижрочиларини ҳимоя қилади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Агар артист ёки унинг продюсери лицензион келишув шартларини бузса, лицензиянинг амал қилиши номаълум муддатга тўхтатиб қўйилади, бу ҳақдаги эълон бирлашма сайтида чиқарилади”.

Ўтган йили лицензиясидан маҳрум бўлган санъаткорлар қаторида Лола, Анвар Собиров, Ягона, Тамилла ва бошқалар бор.