Спорт | 12:09 / 26.01.2016
8182
2 дақиқада ўқилади

Чагаевнинг менежери: Раҳмон Русланни эмас, ўзини ўйласин

Чагаевнинг менежери Тимур Дугазаев Хасим Раҳмоннинг Руслан Чагаев ҳақида айтган фикрларига муносабат билдирди.

"Профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони америкалик Хасим Раҳмон ўзбекистонлик Руслан Чагаевга баҳо беришдан олдин ўзининг россиялик Александр Поветкиндан қабул қилиб олган мағлубиятини муҳокама қилса яхши бўларди" дейди у. Бу ҳақда «Оламспорт» сайти хабар берган.

Икки кун аввал Раҳмон 5 март куни Грознийда ўтказиладиган жангда австралиялик Лукас Браун Руслан Чагаевни нокаутга учратишини айтган эди. Бу борада у бир пайтлар мутлақ жаҳон чемпиони британиялик Леннокс Льюисни нокаутга учратганини ҳам қўшимча қилган эди.

«Грознийда чемпионлик камари учун жанг ўтказиш бу Рамзан Ахматович Қодировнинг истаги. Русланнинг ўзи исталган жойда жанг ўтказишга тайёр. Мени Раҳмоннинг фикри ҳайрон қолдирди. У бир пайтлар Льюисни қандай мағлуб этганини эсга олибди. Бу борада Поветкиндан қабул қилинган мағлубиятни ҳам ёдга олса яхши бўларди», — деди Дугазаев.