Италия бош вазири Эрон президентининг келиши олдидан яланғоч кўринишдаги ҳайкалларни тўстириб қўйгани учун танқидга учради
Италиялик сиёсатчилар Италия бош вазири Маттео Ренцини Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг Италияга сафари пайтида Капитолий музейига ташрифи олдидан у ердаги барча яланғоч кўринишдаги қадимий ҳайкалларни тўстириб қўйгани учун танқид қилдилар, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.
Италиянинг турли партиялари вакилларининг айтишича, Ренци Эрон президенти билан учрашувда нафақат Эрондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақида ҳеч нарса демади, балки яланғоч кўринишдаги одам ҳайкалларини тўстириб, Италиянинг маданий ёдгорликларига беписандлик қилди.
“Бошқа маданиятларга ҳурмат ўз маданиятидан воз кечиш деганини англатмаслиги керак”, деб айтди “Олға, Италия” партиясининг аъзоларидан бири.
Унинг айтишича, бу хатти-ҳаракат – ҳурмат белгиси эмас, балки маданиятлар ўртасидаги тавофутни беркитишга уриниш ва ўз давлати маданий меросига беписандликдир.
“Сўллар Экология Эркинлик” партияси Ренцини “маданият ва санъатнинг универсал қадриятини камситувчи бу қарорини” тушунтиришга чақирди.
Аввалроқ Руҳонийнинг Италиядаги музейга ташрифи туфайли музейдаги яланғоч ҳайкаллар панеллар билан тўсиб қўйилганди. Маҳаллий ахборот агентлигининг айтишича, Эрон президентига ҳурмат белгиси сифатида бундай йўл тутилган.