Ўзбекистон | 17:24 / 27.01.2016
6189
1 дақиқада ўқилади

Украина Ўзбекистон билан эркин савдо зонасини яратиш тўғрисидаги келишувни ратификация қилди

Украина Олий Радаси Ўзбекистон билан эркин савдо зонаси тўғрисидаги келишувни қўллаш бўйича баённомани ратификация қилди. Тегишли қарор йиғилишда муҳокама қилиниб, 234 депутат уни қўллаб-қувватлади.

“Қонуннинг қабул қилиниши 2011 йил 18 октябридаги эркин савдо зонаси тўғрисидаги келишувни қўллаш бўйича баённома ҳолатларини реализация қилишга ёрдам беради”, - дейилади қонун лойиҳасига илова қилинган изоҳда.

Ҳужжатда таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон билан келишувнинг кучга кириши учун асосий шарт ҳисобланади. Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги 1994 йилги эркин савдо зонаси бўйича келишув бекор қилинмайди, Ўзбекистон Украинага нисбатан экспорт ва импорт божини қўлламайди.

МДҲ доирасида эркин савдо зонаси бўйича келишув 2011 йил 18 октябрида 8 давлат ўртасида имзоланган эди. Булар: Украина, Ўзбекистон, Арманистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон.