Жаҳон | 11:31 / 27.01.2016
17534
3 дақиқада ўқилади

Зика қандай вирус? Ғарбий яримшарга таҳдид солаётган касаллик нимаси билан хавфли?

25 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Лотин Америкасида кенг тарқалиб бораётган Африканинг Зика вируси Канада ва Чилидан ташқари бутун ғарбий ярим шарга хавф туғдираётганини эълон қилди. Қон сўрар пашшалар орқали юқадиган Зика вируси келтириб чиқарадиган безгак инсон ҳаёти учун таҳдид уйғотмайди.

Аммо касалликка чалинган ҳомиладор онадан фарзандига юқса, болада микроцефалия (бошнинг меъёрдан кичик бўлиши)ни келтириб чиқаради. Вирус кам ўрганилган, вакцина ва самарали даво чораси ишлаб чиқилмаган.

“Медуза”нинг маълум қилишича, Зика вируси 1947 йилда аниқланган. Биринчи марта у Угандада Зика ўрмонида яшовчи макака маймунларида аниқланган. Орадан бир неча йил ўтганидан сўнг касаллик инсонларда ҳам қайд этилди. Микронезия ва Полинезияда касаллик урчиган 2007 йилга қадар Зика вируси инсонларда камдан-кам ҳолатларда аниқланган. Аниқроғи, жами бўлиб 15 ҳолатда касалланиш кузатилган. Гарчи асосан пашшалар орқали юқса ҳам, инсондан инсонга жинсий йўл билан ҳам ўтиши мумкин. Кўпчилик касалликни тик оёқда ўтказиб юборишади ва шифокорларга мурожаат қилишмайди.

Вирус келтириб чиқарадиган Зика безгаги енгил кечади ва ўлимга олиб келмайди. Касаллик конъюнктивит (кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши), бош ва бўғинлар оғриғи, яллиғланиш жараёнлари, алоҳида ҳолатларда эса кўнгил беҳузур бўлиши ва қайт қилиш, ошқозонда бузилиш ва оғриқларни келтириб чиқаради.

Вируснинг яна бир хавфли жиҳати шундаки, у Гийена — Барре синдромини келтириб чиқариши мумкин. У ноёб аутоиммун касаллик бўлиб, мушаклар ҳолсизлиги билан намоён бўлади. 15 фоиз ҳолатда синдром фалажликни келтириб чиқариб, нафас етишмовчилик сабабли ўлимга олиб бориши ҳам мумкин. Микроцефалияда бўлгани каби, Гийена — Барре синдромининг ҳам Зика вирусига қандай алоқадор экани номаълумлигича қолмоқда.

Шу боис Сальвадор мазкур безгакка чалинган аёлларга яқин уч йилда фарзанд кўрмасликни тавсия қилмоқда. Бразилия шифокорлари ҳам худди шундай фикрда. АҚШ ҳукумати эса ҳомиладор аёлларгга вирус тарқалган мамлакатларга бормасликни тавсия қилмоқда.

2015 йилда Бразилиянинг ўзида ярим миллионга яқин киши Зика безгагидан азият чекди. Беморларнинг аниқ сонини айтиш мушкул боиси ҳамма ҳам шифокорларга мурожаат этавермайди. Aedes aegypti пашшалари яшайдиган Осиё, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка (Канада ва Чилидан ташқари), Тинч океани минтақаси давлатларида мазкур хасталик кенг тарқалиши мумкинлиги айтилмоқда. Касалликка пандемия мақоми берилди.