Ғарб матбуоти коррупция индексини шубҳа остига олди
Кеча Transparency International халқаро нодавлат ташкилотининг 2015 йил учун Corruption Perceptions Index коррупция рейтингини эълон қилган эди. Нуфузли The Washington Post газетаси журналисти нафақат рейтингни, балки уни тузишда қўлланилган методларни ҳам шубҳа остига олди.
Transparency International йил давомида 168 давлатни ўрганиб, натижаларни 100 баллик шкалада акс эттиради. Тўпланган баллига кўра давлатлардан рейтинг тузилади. Натижалар деярли ҳар йили ўзгаришсиз қолади: кичик шимолий демократиялар ғалаба қозонади. Икки йилдан буён рейтингда биринчилик Данияга тегишли бўлиб қолмоқда (91 балл). Биринчи ўнликка, шунингдек, Финляндия (90), Швеция (89), Янги Зеландия (88), Нидерландия (87), Норвегия (87), Швейцария (86), Сингапур (85), Канада (83) ва Германия (81) кирди. Охирги ўринни Шимолий Корея ва Сомали бўлишиб олди (8 баллдан).
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ушбу индексда ўрнини бироз яхшилаб, 19 балл тўплади (ўтган йилги кўрсаткич – 18 балл), 168 давлат ичида 153-ўринни эгаллади (2014 йилги кўрсаткич – 175 давлат ичида 166-ўрин).
Собиқ Иттифоқнинг бошқа давлатлари қуйидагича натижалар кўрсатди: Эстония — 23-ўрин (70 балл), Литва — 32 (61), Латвия — 40 (55), Грузия — 48 (52), Арманистон — 95 (35), Молдова — 103 (33), Беларусь — 107 (32), Озарбайжон ва Россия — 119 (29), Қозоғистон ва Қирғизистон — 123 (28), Украина — 130 (27), Тожикистон — 136 (26), Туркманистон — 154 (18).
Transparency International рейтингида қизиқ айрим жиҳатлар бўлиб, Washington Post таҳлилчиси шуларга эътибор қаратди. Масалан, Хитойдаги ўзгаришлар. 2014 йилга нисбатан ХХРнинг баҳоси 1 баллга ўсиб, у 36дан 37га кўтарилди. Глобал рейтингда эса у бир йўла 17 ўринга кўтарилиб, 83дан 100га етди. Бу дунёда 250 давлат борлиги, Transparency International рейтингида уларнинг 82таси иштирок этмаслиги билан тушунтирилади.
2015 йилги рейтингдан чиқарилган кўплаб давлатлар қаторида Кариб ҳавзасидаги 7 давлат ҳам бор. Хитойнинг муваффақияти ҳам шу билан тушунтирилади: у шунчаки чиқиб кетганлар ҳисобидан кўтарилган. Си Цзиньпиннинг аксилкоррупцион кампанияси яхши маълум: у туфайли ҳатто Европада ҳам люкс тоифасидаги товарларга бўлган эҳтиёж пасайди. Аммо у 2013 йилда ишга туширилган бўлиб, шундан буён Хитойда радикал ўзгариш бўлмади.
Бундан ташқари, Transparency International статистикаси фақат давлат секторини инобатга олади, хусусий сектор эса четда қолиб кетади. Яъни LIBOR билан боғлиқ жанжал Буюк Британиянинг баҳосига мутлақо таъсир қилмади. Ўз навбатида, Volkswagen билан боғлиқ воқеалар ҳам Германияга таъсир ўтказмади. Аслида эса икки воқеа ҳам тилга олинган давлатлар нуфузига таъсир кўрсатди, лекин буни инобатга оладиган механизмлар Transparency International статистикасида йўқ.
Элдор Асанов тайёрлади