Қозоғистоннинг “Тахтлар ўйини” Путиннинг Қозоғистон давлатчилиги ҳақидаги баҳсли сўзларига жавоб бўлади
Қозоғистонда АҚШнинг “Тахтлар ўйини” сериалининг муқобили суратга олинмоқда, бу сериал Россия президенти Владимир Путиннинг Қозоғистон давлатчилиги ҳақида айтган баҳсли сўзларига жавоб бўлади, деб хабар бермоқда Eurasianet.org нашри.
2014 йилда Путин “Селигер” форумида унинг фикрича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “ҳеч қачон давлат бўлмаган ерда давлат барпо этди”, деб айтганди.
Янги кинолойиҳанинг продюсери Путиннинг айнан шу гаплари қозоғистонлик кинематографчиларни янги тарихий сериални олишга ундаганини айтди.
“Эсингиздами Путин қозоқларда ҳеч қандай давлатчилик бўлмаган, Назарбоев эса уни яратган, деган сўзларни айтганди. Айнан шу ҳолат бизни бу сериални олишга ундади”, деб айтди сериал продюсери.
Нашрнинг маълум қилишича, сериалда ХV аср ўрталаридаги воқеалар жонлантирилади, айнан шу даврда қозоқ давлатчилиги вужудга кела бошлаган. Фильм ижодкорларининг фикрича, янги сериал ёш авлодга ўз мамлакатининг тарихи ва қадимий анъаналарини англашга ёрдам беради.