Жамият | 10:19 / 29.01.2016
7113
2 дақиқада ўқилади

Ховосда рус тили ўқитувчисини ўлдирган шахслар қўлга олинди

Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги мактаблардан бирида дарс бериб келган, бир неча йиллар муқаддам пенсияга чиққан Валентина Косицина исмли кекса аёл тўсатдан ғойиб бўлгани қўшниларнинг безовталигига сабаб бўлди. Бироздан унинг жасади каналдан топилди. Воқеа тафсилотларини “Даракчи” нашри келтирмоқда.

Айтилишича, аёл ёлғиз яшаган, оила қурмаган, яқин қариндошлари бўлмаган.

Терговнинг аниқлашича, охирги пайтларда Гулнора Давлетова исмли аёл унинг уйига серқатнов бўлган. Косицинанинг уйини ва нафақа пулларини ўзлаштиришга ҳаракат қилган, лекин рад жавобини олгач, ўғли Баҳодир билан кекса аёлга нисбатан зўравонлик ишлата бошлаган.

Улар Косицинанинг калтаклаб, жиддий жароҳатлар етказишган ва буни биров кўриб қолмаслиги учун жароҳатлар битгунига қадар ертўлага қамаб қўйишган. Сўнг қариндошлари Улуғбек Арзиқуловни чақириб, унинг ёрдамида Косицинанинг томирига ухлатадиган укол қилишган. Сўнгра машинага солиб, канал яқинига олиб боришган. У ерда аёл бўғиб ўлдирилган, сўнг канал сувида оқизиб юборилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари қотилларни аниқлаб, уларни жавобгарликка тортди.