Жаҳон | 22:38 / 01.02.2016
8138
1 дақиқада ўқилади

Меркель Россияга қарши санкциялар узайтирилишини айтди

Украинадаги ихтилофни ҳал қилиш бўйича Минск келишувлари бажарилмаса, Россияга қарши санкциялар узайтирилади. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель Украина президенти Пётр Порошенко билан 1 февралда Берлинда берган матбуот-анжуманида айтиб ўтди.

"Минск келишувлари ҳанузгача бажарилмаганини ҳисобга олиб, Россияга қарши санкцияларни давом эттиришимизга тўғри келади. Санкцияларнинг бекор қилинишига келишувларнинг бажарилиши замин бўлади, бироқ ҳозирча бу йўқ", деб айтди Меркель.

Меркель Порошенко Киев Минск келишувларини бажаришга амал қилаётганини яна бир бор исботлаганини қўшимча қилди.

"Биз келгусида ҳам Киев ва Минск келишувларининг бажарилишини, хусусан, Халқаро валюта жамғармаси дастури орқали қўллаб-қувватлаймиз. Шунинг учун Берлин ҳам, Париж ҳам Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиради", деб айтди Меркель.

Меркелнинг айтишича, Донбассдаги вазият яна муҳокама қилинади.