Жамият | 11:35 / 03.02.2016
6372
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳаж делегацияси Саудия Арабистонига жўнаб кетди

3 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг ҳаж делегацияси Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎМИ Матбуот хизмати хабар берган.

Делегация аъзолари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бир ҳафта давом этадиган сафар давомида Саудия Арабистонида Ҳаж вазири Бандар Ҳажжор билан учрашишлари, муборак “Ҳаж - 2016” мавсумини ташкил этишга тааллуқли ташкилий масалаларни келишиб олишлари режалаштирилган. Делегация аъзолари шунингдек, бу йилги ҳаж мавсумида ҳожиларга хизмат кўрсатувчи Умумий Бош Муассаса, Транспорт Уюшмаси, Ҳаж вазирлигининг Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара филиаллари раҳбарлари билан ҳам учрашадилар. Сафар давомида Саудия Арабистони вакиллари бўлган мартабали масъуллар билан муборак ҳаж сафарини кўнгилли ўтказишга тааллуқли масалаларни мувофиқлаштириб олинади.

Делегация аъзоларига шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Ж. Нуриддинов ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети халқаро алоқалар бўлими мудири Ҳ. Ҳасанов ҳамроҳлик қилишади.